Саид-Абдулазиз Юсупов иши ДХХ терговига тасодифан тушиб қолмаган
Жамият
−
15 Июнь 2019
10882Аввалроқ, Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов ДХХ томонидан ҳибсга олингани ва унга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар берган эдик.
Унинг иши ҳозирда қай аҳволда, Юсуповнинг жиноий шериклари бўлганми?
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот котибининг сўзларига кўра, Саид-Абдулазиз Юсуповнинг жиноий шериклари бор-йўқлиги бўйича ҳозирча бирор маълумот аниқланмаган. Бу ҳақда кеча, 14 июнь куни Прокуратура органлари фаолиятига бағишланган брифингда айтиб ўтилди, деб хабар берди QALAMPIR.UZ мухбири.
“Жиноят-процессуал кодексининг 345-моддасида қайси орган қайси ҳолатда ишни кўриб чиқиши мумкинлиги келтириб ўтилган. Унда 168-модданинг (фирибгарлик) иккинчи ва учинчи қисмларида ички ишлар органлари ваколатидалиги белгиланган. 168-модданинг 4-қисми “а” банди бўйича қайси орган ишни олиб бориши келтирилмаган.
Жиноят-процессуал кодексимизда жиноятлар борки, тегишлилиги кўрсатилмаган. Бундай ҳолатларда жиноят ишини қўзғатган орган терговни олиб боришга ҳақли ҳисобланади. Бу шахс айнан Давлат хавфсизлик ходимиман деган важ билан жабрланувчилардан катта суммада пул олган. Мана шу аргумент юзасидан ҳам Давлат хавфсизлик хизмати тергов олиб бормоқда. Унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Бу иш тафсилотларини аниқлаш бу тергов жараёнида аниқланадиган ҳолат. Бу иш бизнинг назоратимизда. Лекин бу бизнинг иш юритувимизда дегани эмас. Ўйлайманки, Саид-Абдулазиз Юсупов иши бўйича суд ўзининг муносабатини беради. Айблов хулосаси ўрганилади. Суд муносабатидан сўнг, бу масалага қайтиш тўғри бўлади”, деди Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев.
Бош прокурор ўринбосари Саид-Абдулазиз Юсупов иши доирасида максимал шаффофлик таъминланганини алоҳида қайд этди ва ишнинг нега ИИВ юритувига эмас, ДХХ томонидан олиб борилаётганини айтиб ўтди.
“Бир нарсани алоҳида таъкидлайман. Биз бу жиноят иши доирасида максимум даражада шаффофликни таъминлашга ҳаракат қилдик. Биринчидан бу жиноят иши ДХХ терговига тасодифан тушиб қолгани йўқ. Жиноят иши бўйича олти нафар жабрланувчи бор. Бу мурожаатларда Саид-Абдулазиз Юсупов ўзини ДХХга алоқадор шахс сифатида кўрсатиб, шу билан биргаликда айрим ҳаракатларни содир этган ҳолда уларни пул беришга далолат қилганлиги ҳақида маълумотлар бор. Табиийки, бу жараёнда ДХХ органи ходимиларининг бу ишга алоқадорлиги, чиндан алқоқадорми, йўқми, ёки бошқа ходимларнинг даҳлдорлиги борми, йўқми деган масалани ички ишлар органлари терговчиси аниқлай олмайди. ДХХ тергов органи томонидан ҳаракатларнинг олиб борилиши ва масалаларнинг аниқланиш амалиёти борлиги сир эмас. Бу ҳам шундай жиноят ишларининг биттаси. Саид-Абдулазиз Юсуповни ДХХнинг қўлига топшириб қўйиш учун терговга берганимиз йўқ. Биз жиноятнинг ҳақиқий ҳолатлари, ҳаққоний тезкор ва тўғри ечилиши учун ҳаракат қилганмиз. Бизнинг 20-бошқармамиз ДХХ тергови устидан назоратни олиб боради. Ҳар бир жиноят иши бизнинг назоратимизда. Бу жараёнларнинг барчаси жиноят процессуал қонуни талаби даражасида ва доирасида амалга оширилади. Саид-Абдулазиз Юсуповнинг жиноят иши бўйича ҳам амалга ошириляпти. Қаранглар биз ҳаммамиз, “Саид-Абдулазиз Юсупов калтакланибди, унга нисбатан тазйиқ ўтказилибди. Тан жароҳатлари чиқмагандан кейин, йўқ бу тазйиқ фақат психологик, руҳий босим остида бўлаётган ишлар экан”, деган ҳеч бир асоси бўлмаган баёнотларга таяниб, бу жабрланувчи, Саид-Абдулазиз Юсупов жабрланувчи деяпмиз. Йўқ, бу жиноят иши бўйича пулини бериб, фирибгарлик тузоғига дучор бўлган олти одам ҳақида нимага айтилмаяпти”, деди Эркин Йўлдошев.
Аввалроқ, айбланувчининг укаси Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида онасининг мурожаат шаклидаги видеосини жойлаганди. Унда айбланувчининг онаси фарзандини кўриш учун кутиб тургани, лекин уни бошқа ердан олиб кетишгани ҳақида гапирган.
Муҳаммад Баҳоуддин Юсуповнинг айтишича, 9 июнда оила аъзолари акасини уларнинг гувоҳлигида тиббий кўрикдан ўтказишларини талаб қилиб, Бош прокуратурага хат ёзган. Бироқ кичик Юсуповнинг ёзишича, тиббий кўрик вақтида ҳам, кўрик тугагач ҳам Саид-Абдулазиз Юсупов оила аъзолари билан кўриша олмаган.
Бош прокуратура эса расмий равишда Саид-Абдулазиз Юсуповнинг танасида қийноқ аломатлари бўлмаганини маълум қилди.
Жорий йилнинг 10 май куни Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб ушланган ва ДХХ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
12 май куни ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Саид-Абдулазиз Юсупов жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь