“Сабоқ олдим”. Эркинжон Турдимов сирдарёликлар билан хайрлашди
Local
−
14:39 2231 2 minutes
Сирдарё вилоятининг собиқ ҳокими Эркинжон Турдимов янги вазифага ўтиши муносабати билан сирдарёликлар билан хайрлашди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
.jpg)
“Ҳурматли Президентимизнинг юксак ишончлари билан бошқа вазифада фаолиятимни давом эттириш олдидан сизларга чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва самимий миннатдорлигимни изҳор этаман!” деган Эркинжон Турдимов ўзининг хайрлашув хатида.
Унинг қайд этишича, бошқа вилоятда туғилиб ўсган бўлса-да, меҳнат фаолиятини Сирдарёда бошлаган. Катта ҳаёт сари илк қадамларини бағрикенг ва меҳнаткаш сирдарёликлар билан бирга ташлаган. Бу ерда кўплаб инсонлардан сабоқ олган, уларнинг тажрибаси ва маслаҳатлари халқ ишончига муносиб бўлиб ишлашида асқатган.
Эркинжон Турдимов кейинги салкам икки йил давомида яна сирдарёликлар билан бирга ишлаш насиб этганини таъкидлаган. Унинг айтишича, Президентнинг алоҳида эътибори туфайли Сирдарёнинг қиёфаси янгиланиб, саноат ривожланмоқда, одамларнинг турмуши ўзгариб, эртанги кунга ишончи ошмоқда.
У сирдарёликлар билан ёнма-ён ишлаб, уларнинг меҳнаткашлиги, фидойилиги ва ватанпарварлигига, биргаликда катта мақсадларга эришиш мумкинлигига яна бир бор амин бўлганини билдирган.
“Мен ўзимни Сирдарёнинг ҳам фарзанди деб биламан. Бу элга доимо таъзим қилиб, чексиз ҳурматим ва миннатдорлигимни билдираман! Қаерда, қайси вазифада ишласам ҳам, бу заминни янада обод қилиш, сирдарёликларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга ҳисса қўшишни ўз бурчим деб ҳисоблайман!” деб ёзган Турдимов.
Маълумот учун, Эркинжон Турдимов 1969 йил 10 июлда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. У 2008 йилда бир муддат Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2008-2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими, 2016-2018 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатган. 2018 йилдан 2024 йилгача Самарқанд вилояти ҳокими бўлган. Эркинжон Турдимов 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати“ ордени билан тақдирланган. Шунингдек, 2024 йил 24 августда “Фидокорона хизматлари учун“ ордени билан мукофотланган.
У 2025 йилнинг январида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди, 2025 йилнинг декабрида эса Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 9 октябрь куни Эркинжон Турдимов Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинланган эди.
Live
All