Рўзадор киши тиш пастасидан фойдаланса бўладими?

Фойдали

image

Рамазон ойида кўпчиликда тиш пастасини ишлатиш борасида иккиланиш юзага келади. Чунки пастада таъм бериш хусусияти мавжуд. Бундан ташқари, кун бўйи оғиздан нохуш ҳид келиб юриш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шу сабаб рўзадор киши саҳарликдан сўнг тиш пастасидан фойдаланса бўладими? Бу ҳақда  Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати қуйидагиларни маълум қилди.

“Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши макруҳ саналади. Агар пастадан ҳосил бўлган кўпикларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Чунки паста билан тиш тозалаш бирор нарсани татиб кўришга ўхшайди. Фиқҳий китобларимизда шундай дейилган: 

“Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса, рўзани очувчи сурат ва моҳият топилмагани учун рўза очилмайди. Лекин бундай қилиш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда рўзани бузувчи омилга яқин келтириш бор” (“Ҳидоя” китоби).

Шунга кўра, кўпчилик замонамиз уламолари рўзадор ҳолда тиш пастасидан фойдаланмасликни балки, уни саҳарликдан аввал ёки ифтордан кейинга қолдиришни тавсия этадилар. Зеро, ибодат масаласида эҳтиётини олиш аъло саналади”, дейилади фатво ҳайъати маълумотида. 

Таъкидланишича, Рамазон ойининг кундузлари тишларни тоза сақлаш учун мисвокдан фойдаланиш ҳам мумкин. Чунки мисвок ишлатиш билан рўза очилмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида ундан кўп марта фойдаланганлари далил бўлади. 

Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб саноғига, ҳисоблаб адоғига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман” (Имом Аҳмад ривоят қилган).

“Бунда, милклар қонаса ёки оғизга сув тўпланса, ютиб юбормаслик шарт қилинади”, дейилади фатвода.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамазон

Баҳолаганлар

554

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг