Рўйхатдан ўтмаган хорижликларни жойлаштирганларга жазо кучайтирилади
Local
−
27 July 2734 3 minutes
Ўзбекистонда хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмасдан жойлаштирган меҳмонхоналар, хостеллар, санаторийлар ва бошқа жойлаштириш объектлари учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин. Мазкур мазмундаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 22 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида муҳакама қилинди.
Қонун лойиҳаси юзасидан маъруза қилган Ички ишлар вазири ўринбосари Диёрбек Сатторовнинг айтишича, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 27 фоизга ошиб, 5,5 миллион нафарга етган. Бугунги кунда 80 дан ортиқ давлат фуқаролари учун визасиз тартиб амал қилмоқда, шунингдек, электрон виза тизими ҳам жорий этилган.
Шу билан бирга, айрим меҳмонхоналар, хостеллар, сайёҳлик базалари, пансионатлар, кемпинглар, санаторийлар ҳамда давлат ва хусусий даволаш муассасалари хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни “E-mehmon” тизими орқали вақтинчалик рўйхатдан ўтказмасдан қабул қилаётгани қайд этилган.
Ички ишлар вазирлиги бундай ҳолатлар чет элликларнинг амалдаги яшаш жойини аниқлашни қийинлаштираётгани, шунингдек, айрим субъектларга солиқлардан бўйин товлаш ва яширин иқтисодиёт фаолиятини юритиш имконини бераётганини таъкидлаган.
Шу сабабли қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 225-моддасига жойлаштириш объектлари ҳамда даволаш муассасалари мансабдор шахслари учун хорижликларни рўйхатга олиш қоидаларини бузганлик бўйича алоҳида жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, бир йил давомида такрор содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз фуқароларни жойлаштиришга йўл қўйган мансабдор шахслар учун ҳам қатъийроқ жазо чораларини жорий этиш кўзда тутилган. Мазкур тоифадаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколатини ички ишлар органларига бериш режалаштирилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан, шунингдек, амалдаги қонунчиликдаги атамаларни ягона тизимга келтириш мақсадида 24 та қонунга техник ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган. Хусусан, “доимий яшаш жойи” ва “вақтинчалик яшаш жойи” атамалари мос равишда “яшаш жойи” ва “турган жойи” тушунчалари билан алмаштирилади.
Маълумот учун, 2025 йил октябрь ойидан “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тўғрисида”ги қонун кучга кирган. Унга мувофиқ, “E-xabar berish” тизими орқали доимий яшовчи хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини қасддан менсимасдан бузиб, йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлган шахсларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All