Рустам Умаров Пентагон раҳбари билан гаплашди
Олам
−
22 Декабрь 2023
8648Кеча, 21 декабрь куни АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин украиналик мавқедоши Рустам Умаров билан телефон суҳбатида Киевнинг ҳарбий салоҳиятини кучайтириш ва унга Ғарб томонидан кўрсатилаётган ёрдам билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Америка Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Патрик Райдернинг ёзма баёнотида айтилади.
Қайд этилишича, вазирлар жанг майдонидаги вазият ҳамда АҚШ ва унинг иттифоқчиларидан Украинага “ҳарбий ёрдам кўрсатишнинг устувор йўналишлари” ҳақида гаплашган. Ҳужжатга кўра, Остин Киевга қурол етказиб бериш учун Ғарбий алоқа гуруҳи томонидан тузилган Украина қуролли кучларининг “қобилиятларини ривожлантириш бўйича коалицияларнинг фаолияти тўғрисида маълумот берган”. Икки давлат Мудофаа вазирлари контакт гуруҳининг “келажакдаги учрашувлари режалари”ни ҳам муҳокама қилган.
Остин октябрь ойида Ғарб давлатлари Киевнинг ҳарбий салоҳиятини кенгайтиришга ҳаракат қиладиган "қобилият коалициялари"ни тузаётганини эълон қилган. Унинг аниқлик киритишича, “коалицияларнинг ҳар бири жанговар салоҳиятнинг ўзига хос турига қаратилган: зирҳли техника, артиллерия, ҳаво кучлари ва денгиз компоненти бўлади”. Шундан сўнг Остин Вашингтон Ғарб коалициясини Украина Ҳарбий-ҳаво кучларини ривожлантиришда, жумладан, F-16 самолётларини Киевга ўтказишда бошчилик қилишини тушунтирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Пентагон АҚШ Конгресси Украинага қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаса, унинг Киевга ёрдам бериш имконияти 30 декабрда тугаши ҳақида огоҳлантирганди.
LiveБарчаси