Рус тилини ўргатиш, миллий валютада ҳисоб-китоб... Ўзбекистон Россия билан қайси келажак томон юряпти?
Олам
−
15 Сентябрь 2022
37662Ўзбекистон Россия билан савдо-иқтисодий алоқалар, нефт таъминоти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ва ҳисоб-китобларни миллий валютада амалга ошириш бўйича келишувга эришди. Булар Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин томонидан бугун, 15 сентябрь куни Самарқандда имзоланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияда ўз аксини топган. Ҳужжатга кўра, Москва ва Тошкент Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш сифатини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни режалаштирмоқда.
Савдо-иқтисодий алоқалар
Декларацияда айтилишича, Москва ва Тошкент икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришда давом этади.
“Томонлар Россия Федерациясининг таъсис субъектлари ва Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилмалари, шунингдек, уларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида кўргазма-ярмарка тадбирларида, ишбилармонлик миссияларида ўзаро иштирок этиш, тезкор таклифлар ўтказиш, савдо алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор томонларнинг ҳудудларида рўйхатдан ўтган корхоналар (ташкилотлар) тўғрисида ҳамда сотувга қўйилган маҳсулотлар тўғрисида маълумот алмашиш орқали бевосита савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришда давом этадилар”, дейилади декларацияда.
Нефть таъминоти
Москва ва Тошкент энергетика соҳасида, жумладан, Ўзбекистонга нефть етказиб бериш масаласида ҳамкорликни чуқурлаштиради.
“Томонлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг ижобий динамикасини, хусусан, икки мамлакат нефт-газ компаниялари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг юқори даражасини қайд этиб, улар ўртасида геология-разведка соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзлаштирилиши қийин бўлган конларда нефть қазиб олиш, нефть ва газ саноати соҳасида тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистонга нефть етказиб бериш масалалари бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадилар”, дейилади ҳужжатда.
Россия ва Ўзбекистон, шунингдек, Ўзбекистонда энергия самарадорлиги, янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш соҳасидаги лойиҳалар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр. Икки давлат ҳам МДҲ Электр энергетика кенгаши доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятида.
Бундан ташқари, томонлар “атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга ҳаракат қиладилар”. Улар атом энергетикаси бўйича миллий кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни давом эттирадилар.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш
Декларациядан кўриниб турибдики, томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш ҳажмини бир неча баробар ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш устида ишлашни давом эттирадилар.
“Томонлар икки мамлакат бозорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш имконини берувчи қулай шарт-шароитларни яратишда давом этадилар”, дейилади ҳужжатда.
Миллий валюталарда ҳисоб-китоблар
Россия ва Ўзбекистон икки томонлама ҳисоб-китобларда миллий валюталар улушини ошириш муҳимлигини қайд этади.
“Томонлар молия-банк соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаб, икки мамлакат кредит ташкилотлари ўртасида узлуксиз ҳисоб-китобларни, шу жумладан, тўғридан-тўғри вакиллик алоқаларини ўрнатиш, шунингдек, ташқи савдо операцияларини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, икки томонлама ҳисоб-китобларда миллий валюталар улушини ошириш муҳимлигини қайд этадилар”, дейилган ҳужжатда.
Рус тилини ўргатиш
Москва ва Тошкент Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш сифатини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни режалаштирмоқда.
“Томонлар Ўзбекистон Республикасида рус тили ва рус тилида умумтаълим фанларини ўқитиш сифатини ошириш, тажриба ва илғор ўқитиш тажрибасини алмашишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда”, дейилади ҳужжатда.
Улар Ўзбекистонда Россия олий ўқув юртлари филиаллари тармоғини кенгайтириш ниятида.
Томонлар, шунингдек, етакчи давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон телекоммуникация компаниялари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор.
LiveБарчаси