Алҳамдулиллаҳ, мусулмон боласиман – Ўқувчилардан рўмолда келмасликни сўраган директор мурожаат билан чиқди

Жамият

image

Аввалроқ мактабларнинг бирида директорлиги иддао қилинган аёл мактаб ўқувчиларидан мактабга рўмолда келмасликни талаб қилиб, сайлов кутилаётгани учун махсус ташкилотлар томонидан текширувлар бўлмаётганини таъкидлаган аёлнинг аудиолари тарқалгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу аёлнинг Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 45-мактаб директори Зубайда Тошпўлатова экани тасдиқланди. У қилган ишига тушунтириш бериб, жамоатчиликдан узр сўради. 

“Ҳақиқатан ҳам кеча, 17 май куни ўқувчи қизлар мактаб формасисиз дарсга келганда, ўз хизмат хонамга олиб кириб, очиқ рангли рўмолни орқа тарафдан ўраш ҳақида хизмат ваколатим доирасида тушунтириш ишларини олиб бордим. Рўмол ўрамаслик ҳақида маҳаллий ҳокимлик ва ҳуқуқ-тарғибот органлари ва Халқ таълими бўлими томонидан ҳеч қандай топшириқ бўлмади. Фақат ўқувчи қизларимга ўқувчи қиздек муносабат бўлишини хоҳлаганим учун уларга тушунтириш ишларини олиб борган эдим”, дейди директор.

Шунингдек, Тошпўлатова сайлов бўлиши кутилаётгани сабабли рўмолга текширув бўлмаётгани ҳақида айтган гапларига ҳам изоҳ берди. 

“Рўмол билан сайлов жараёнларининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Фақатгина сайлов жараёнлари вақтида, халқаро кузатувчиларнинг ташрифи доирасида дунёвий мактабга бўлган уларнинг фикри ўзгармаслигини хоҳлаганим учун уларга тушунтириш ишларини олиб борган эдим”, дейди директор.

Зубайда Тошпўлатова мурожаат охирида қилган иши учун жамоатчилик ва ота-оналардан узр сўради.

“Нотўғри тушунчага эга бўлганимни тушуниб етдим. Алҳамдилуллоҳ, мен ҳам мусулмон фарзандиман. Қилган нотўғри муносабатим учун жамоатчилик ва ота-оналардан узр сўрайман”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аудиода мактаб директори экани айтилган аёл рўмолга тақиқ бўлмаётганига олдинда сайлов кутилаётганини сабаб қилиб келтирганди:

“Сизларга айтиб қўяй, ҳозир рўмолга индамаётганининг сабаби — сайлов ўтишини кутяпти. Сайлов ўтиб олсин, кўрасанлар. Сенларга ортиқча гап керакми? Қанақадир бошқа ташкилотлар келиб, ота-онангни суриштириши керакми? Ота-онангга ортиқча ташвиш қилмоқчимисанлар?”


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

922

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг