“Сайлов ўтсин, кўрасанлар”. Ўқувчилардан дарсга рўмолда келмаслик сўралган аудио тарқалди (аудио)
Жамият
−
18 Май 2021
28896Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 45-мактаб директори экани айтилаётган аёлнинг аудоси тарқалди. Унда директорлиги иддао қилинган аёл мактаб ўқувчиларидан мактабга рўмолда келмасликни талаб қилиб, сайлов кутилаётгани учун махсус ташкилотлар томонидан текширувлар бўлмаётганини таъкидлаган.
“Иккаланга гапим: мана шу мактабда ўқийдиган бўлсанг, рўмолингни ечасан. Кимга нима деб боришингдан қатъи назар худди шу гапимни етказ. Сизларнинг — мана шунақа рўмоллиларнинг сафи мактабда кўпайиб кетишини хоҳламайман. Чунки бу мактабнинг форма имижини бузади”, дейилади аудиода.
Шунингдек, аудиода мактаб директори экани айтилган аёл рўмолга тақиқ бўлмаётганига олдинда сайлов кутилаётганини сабаб қилиб келтирган:
“Сизларга айтиб қўяй, ҳозир рўмолга индамаётганининг сабаби — сайлов ўтишини кутяпти. Сайлов ўтиб олсин, кўрасанлар. Сенларга ортиқча гап керакми? Қанақадир бошқа ташкилотлар келиб, ота-онангни суриштириши керакми? Ота-онангга ортиқча ташвиш қилмоқчимисанлар?”
Ҳолат бўйича тегишли ташкилотлар расмий баёнот берганича йўқ. Шунингдек, ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда айтилган мактабда содир бўлганига ҳам далиллар мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мизиёев Ўзбекистонда рўмол ўрашга ҳеч ким ҳеч қачон қарши бўлмаслигини айтганди.
LiveБарчаси