Руминияда НАТОнинг Европадаги энг йирик ҳарбий базаси қурилмоқда

Олам

image

НАТОнинг Европадаги энг йирик ҳарбий базаси Руминия ҳудудида қурилмоқда. У Руминия ҳарбий-ҳаво кучларининг “Михаил Когэлничану” 57-ҳаво базасини кенгайтириш натижасида 2040 йилгача фойдаланишга топширилиши мумкин. Бу ҳақда Руминия телевидениеси хабар берди.

“Мамлакат жануби-шарқидаги Констанца округида жойлашган Михаил Когэлничану қишлоғида олдиндан мавжуд бўлган, бир неча минг гектар майдонни эгаллаган ҳарбий мажмуани кенгайтириш ишлари бошланди”, дея хабар берди телеканал. 

Айтилишича, бу ерда минглаб америкалик ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари бўлади. Руминия давлати лойиҳага 2,5 миллиард доллар сармоя киритади.

“Михаил Когэлничану” базасини кенгайтириш натижасида пайдо бўладиган улкан ҳарбий мажмуа 2,8 минг гектар майдонга эга бўлиб, янги объектларни ўз ичига олади. Лойиҳа аэродром инфратузилмасини, жумладан учиш-қўниш йўлакларини, янги бошқарув минорасини, маёқ ва радионавигация тизими, парвоз симулятори ва ангарларни кенгайтиришни ўз ичига олади. Бундан ташқари, маъмурий-ижтимоий бинолар, мактаб ва болалар боғчалари, савдо дўконлари, ресторанлар, кинотеатр ва шифохона қурилади. Шаҳарда 10 минг НАТО аскари оилалари ва базани қўллаб-қувватлаш ходимлари билан яшайди.

“Мажмуанинг кириш йўллари ва электр тармоғи қурилаётган жанубий қисмида ишлар аллақачон бошланган”, деб хабар берди телевидение. 

База 2040 йилда тўлиқ ишга тушади. Баъзи маълумотларга кўра, натижада “Михаил Когэлничану” мажмуаси НАТОнинг Европадаги энг йирик ҳарбий базасига айланади.

“Михаил Когэлничану” Руминия ҳарбий-ҳаво кучларининг 57-базасини кенгайтириш тўғрисидаги қарор Руминия чегаралари яқинида сўнгги икки йилдан бери давом этаётган қуролли можаролар фонида қабул қилинди”, дея таъкидлайди телеканал. 

АҚШ ҳарбийлари “Михаил Когэлничану” базасидан 1999 йилдан бери фойдаланмоқда ва ҳозирда у ерда АҚШнинг 101-ҳаво-десант дивизиясининг қисмлари ҳамда Руминия ҳаво кучларига ҳаво полицияси миссияларида ёрдам берадиган иттифоқчи қирувчи самолётлар жойлашган.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Руминия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг