Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашган ўзбекистонлик талабага ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
12:39
6667Россия армияси таркибида Украинага қарши ҳаракатларда иштирок этгани учун Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида яшовчи талаба йигитга суд ҳукм ўқилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжатлари билан танишди.
Суд ҳужжатларида келтирилишича, 2002 йилда Қўштепа туманида туғилган A.X. бундан икки йил олдин – 2022 йилнинг 30 ноябрь куни Москва шаҳрига ўқишга кетган. У ерда хусусий университетлардан бирида таҳсил олаётган A.X. моддий манфаатни кўзлаб, Россия армияси сафига қўшилган. 2023 йил 23 августда у Россия Қуролли Кучлари билан ойига 350-400 минг рубль маош эвазига Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун бир йил муддатга шартнома тузган. 2023 йил 13 октябрдан 2024 йил февралигача тўрт ой давомида Луганск ва Донецкдаги жанговар ҳаракатларда қатнашган.
Суд жараёнида A.X. айбини тўлиқ тан олган. Унинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг сентябрь ойи охирида у Москвадаги хусусий университетга ўқишга кирган. Ўқиш давомида мавсумий ишлар билан шуғулланиб келган. Тахминан 2023 йилнинг ёзида полиция ҳужжатлари йўқлиги сабабли уни ҳибсга олган ва Москва полиция бўлимига олиб кетган. Унга Россиядан депортация қилиниши, жиноий иш қўзғатилиши маълум қилинган. Бунинг ечими сифатида унга армияга бориш таклиф қилинган, Шунингдек, унга Россия фуқаролиги берилиши ваъда қилинган. Йигит эса ихтиёрий равишда рози бўлган.
Полиция ходимлари унга чақирув қоғозини берган. У 2023 йил 17 августда Москвадаги "Яблочко" чақирув пунктига чақирув қоғози билан борган ва Россия Қуролли кучлари таркибида Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун бир йиллик шартнома имзолаган. Ишга қабул қилиш бўлимида тиббий кўрикдан ўтган ва Москва вилоятидаги вақтинчалик сақлаш лагерига жўнатилган. Шартнома бўйича йигитнинг ойлик иш ҳақи 195 минг рубль, жанговар вазифаларни бажаришга қараб тўлов 350-400 минг рубль атрофида бўлган.
Шундан сўнг A.X. Самара вилоятининг Тольятти шаҳридаги ҳарбий қисмга юборилган. У ерда йигитга Россия Қуролли кучлари ҳарбий гувоҳномаси берилган. Бир ярим ойлик ҳарбий тайёргарликдан сўнг у ва бошқа аскарлар 2023 йил 10 октябрда Россия-Украина чегараси яқинидаги лагерга жўнатилган. Йигит 13 октябрда Луганск шаҳридаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун юборилган.
“Мен у ерда тўрт ой жанг қилдим ва 2024 йил 10 февралда бизни Донецк вилоятига ўтказишди. Жанглар пайтида олган жароҳатларим туфайли 2024 йилнинг 26 февралига қадар Донецкдаги шифохонада даволандим”, деган судланувчи.
Кейин A.X. Тольяттидаги ҳарбий қисмга қайтган. Ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун олинган маблағга у Тольятти шаҳридан машина ва кредитга квартира сотиб олган. Бундан ташқари, у медаль билан тақдирланган ва Россия фуқаролигини олган.
2024 йил 14 сентябрь куни A.X. автомашинани ўз номига расмийлаштириш учун рухсатсиз ҳарбий қисм ҳудудидан чиқиб кетган. Шундан сўнг қўмондони уни чақириб, ҳақорат қила бошлаган. Бунга жавобан A.X. шартномани бекор қилиш ниятида эканини маълум қилиб, машинасида Қозоғистонга, ундан Ўзбекистон чегарасига қайтиб келган.
Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судида бўлиб ўтган судда A.X. оғир саратон касаллиги туфайли онасининг даволаниши ва жарроҳлик амалиёти учун зудлик билан пул керак бўлгани, ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган ва суддан жазони енгиллаштиришни сўраган.
Суд томонидан A.X. Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган ва 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Жиноят кодексининг 72-моддасига (Шартли ҳукм қилиш) мувофиқ, жазо 3 йил синов муддати билан шартли жазога ўзгартирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияга ишлаш учун бориб, у ерда моддий манфаат эвазига Украинага қарши урушда қатнашган ўзбекистонлик 3 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
LiveБарчаси