Украинадаги урушда қатнашган ўзбекистонлик қамалди
3-саҳифа
−
17 Октябрь
12147Россияга ишлаш учун бориб, у ерда моддий манфаат эвазига Украинага қарши урушда қатнашган ўзбекистонлик 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида хабар қилинди.
Ҳужжатларда келтирилишича, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидан бўлган судланувчи 2023 йилда Санкт-Петербург шаҳрида ишлаётган вақтида Ўзбекистон фуқароси бўла туриб, низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмасдан, моддий манфаатдорлик эвазига Россия қуролли кучлари сафига ёлланган.
Шу вақт давомида эркак Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб келган. У Россия фуқаролигини ҳам олган. У икки давлат ўртасида бўлаётган қуролли тўқнашувларда иштирок этиши учун ҳарбий тайёргарликдан ўтган.
“Сизларга паспорт беряпти дейишди. Кейин бемалол юрасиз, хоҳлаган ишингизни қиласиз деб айтилди. Бундай таклиф кимга ёқмайди? Ҳеч қаерда тақиқларга учрамаслигимизни билдириб, Ўзбекистон фуқаролигини сақлаб қолган ҳолатда ҳарбий гувоҳнома беришди”, дейди судланувчи.
У 2023 йилнинг октябрь ойида содир бўлган турли ҳужумлар оқибатида яраланиб, Ўзбекистонга қайтган. Унга тегишли телефон текширилганда, Россия қуролли кучлари сафига ишга киргани бўйича ҳарбий гувоҳнома, Мудофаа вазирлигига тегишли ҳарбий госпиталда жароҳат олгани бўйича маълумотнома ҳамда Россия фуқаролиги паспорти акс этган фотосуратлар топилган.
Жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани суди томонидан судланувчи Жиноят кодексининг 154-1-моддаси (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, кодекснинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланган ҳолда 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Россия қамоқхоналаридаги колония ходимлари жазо муддатини ўтаётган марказий осиёликларни, яъни тожикистонликлар ва ўзбекистонликларни Украинага қарши урушда қатнашиш учун шартнома имзолашга мажбурлаётгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси