Россиянинг тўққизта ҳудуди йирик дрон ҳужумига учради
Олам
−
10 Сентябрь
21323Бугун, 10 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг тўққизта вилояти, шунингдек, аннексия қилинган Қримга учувчисиз самолётлар томонидан катта ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда ҳудудлар раҳбарлари маълум қилди.
Портлашлар Белгород, Курск, Орёл, Воронеж, Тула, Калуга, Липецк, Москва вилоятлари ва Краснодар ўлкасида содир бўлган.
Брянск вилояти губернатори Александр Богомаз Telegram’да Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари унга ишониб топширилган ҳудудда 59 та “самолёт типидаги учувчисиз учиш аппарати”ни уриб туширганини ёзди.
РБК Украинанинг ёзишича, ярим тундан кейин Брянск жамоат саҳифаларида янги ҳаво ҳужуми ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Бундан ташқари, интернетда дрон зарбалари оқибатида содир бўлган портлашлар тасвирлари эълон қилинди. Хусусан, “Роснефть” ёқилғи қуйиш шохобчаси яқинида битта дрон портлагани хабар қилинмоқда, бироқ аниқ манзил кўрсатилмаган.
ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан Тула вилояти узра уриб туширилган учувчисиз самолёт қолдиқлари ёқилғи-энергетика иншоотига тушган.
Билдирилишича, жабрланганлар йўқ. Тула расмийлари технологик жараён ва истеъмолчиларга ресурсларни етказиб бериш тўхтатилмаганини маълум қилган.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв Telegram’да минтақа узра камида 14 та дрон уриб туширилганини ёзди. Унга кўра, Украина учувчисиз самолётининг Москва вилоятига уюштирган ҳужуми оқибатида бир аёл ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳатланган. Маҳаллий жамоат саҳифаларида Жуковский қишлоғи ва Люберци ва Раменское ҳудудларида эшитилган олтита портлаш тасвирлари эълон қилинди.
Россия пойтахти мэрияси маълумотларига кўра, Раменский туманидаги турар-жой биносига дрон ҳужуми ёнғинга сабаб бўлган. Ёнғин бинонинг 11 ва 12-қаватларини қамраб олган. Шаҳар мэри Сергей Собянин воқеа жойида қутқарувчилар ишлаётганини маълум қилди.
Москванинг барча учта аэропорти – Домодедово, Внуково ва Шереметьево – ўз веб-сайтларида айтилишича, ҳужумлар пайтида ўз парвозларини бекор қилган.
9 сентябрь куни кечки пайт аннексия қилинган Қрим яриморолидаги Октябрское қишлоғида портлашлар содир бўлгани ҳақида маълум бўлди. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, у ерда жойлашган Россия ҳарбийлари Саки аэродромидан ҳаво кемаларини учирган. Бундан ташқари, Россия кузатув каналлари Тарханкут бурни йўналишида ва ундан шарқда дронлар учирилиши эҳтимоли ҳақида хабар берди.
Айни пайтда Россия Мудофаа вазирлиги 10 сентябрь куни эрталаб Россиянинг тўққиздан ортиқ вилояти – Белгород, Брянск, Воронеж, Калуга, Курск, Липецк, Москва, Орёл ва Тула вилоятларида 144 та самолёт типидаги учувчисиз учиш аппарати йўқ қилинганини даъво қилмоқда. Вазирлик ўз ҳисоботида Краснодар ўлкаси ва Қримни аннексия қилганини тилга олмаган ва ҳужумда Украинани айблаган.
LiveБарчаси