Россиянинг Сумига ракета зарбаси 30 дан ортиқ одамнинг “ёстиғини қуритди” (видео)

Олам

image

Россия қўшинлари Украинанинг Суми шаҳри марказига ракеталар билан зарба берди. Оқибатда 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 80 дан ортиқ киши жароҳат олди. Бу ҳақда Суми вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Шаҳарга йўлланган иккита ракета ҳужуми ортидан сўнгги маълумотларга кўра, 31 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган. Яна 84 киши жароҳатланган. Ярадорлар орасида ўн бола ҳам бор.

Ҳужум оқибатларига ойдинлик киритилмоқда. Суми вилояти ҳарбий маъмурияти ўққа тутилганидан сўнг шаҳар марказидан олинган сурат ва видеоларни эълон қилди. Кадрлардан кўриниб турибдики, шаҳардаги камида битта одам яшамайдиган бино вайрон бўлган ва бир неча автомобиль ёниб кетган.

Бундан ташқари, расмийлар ва Украина Telegram-каналларидан олинган видеода шаҳар кўчаларидан бирининг ўртасида бошланган кучли ёнғин кўрсатилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга қараганда, зарба туфайли троллейбус ҳам шикастланган.

BBC Украина хизматига кўра, ҳужум болалар учун дарслар тез-тез ўтказиладиган Суми давлат университетининг Конгресс марказига қаратилган.

“Одамлар кўчанинг ўртасида, машиналарда, жамоат транспортида, уйларда яраланган. Полиция ҳудудга киришни чеклаб қўйган”, деди Украина Ички ишлар вазири Игорь Клименко.

Унинг айтишича, айни дамда ҳужум содир бўлган жойда қутқарув ва тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Трамп Россияни Украина масаласида “ҳаракатни бошлаш”га чақирди north_east

Трамп Россияни Украина масаласида “ҳаракатни бошлаш”га чақирди

“Россия баллистикасининг Сумига даҳшатли зарбаси. Душман ракеталари оддий шаҳар кўчасига, оддий ҳаётга: уйларга, таълим муассасаларига, кўчадаги машиналарга зарба берди... Ва бу одамлар черковга борадиган кунда юз берди. Дастлабки маълумотларга кўра, гап тинч аҳоли вакиллари орасидаги ўнлаб қурбонлар ва ярадорлар ҳақида кетмоқда”, дея ҳолатни изоҳлади Украина Президенти Владимир Зеленский.

Зеленский АҚШ, Европа ва жаҳоннинг бошқа давлатларини шаҳарнинг ўққа тутилишига қатъий муносабат кўрсатишга чақирган.

“Россия айнан шундай террорни хоҳлайди ва урушни чўзишни истайди. Босқинчига босим ўтказмасдан тинчликка эришиб бўлмайди. Қуруқ гаплар ҳеч қачон баллистика ва ҳаво бомбаларини тўхтата олмаган. Биз Россияга террорчига муносиб муносабатда бўлишимиз керак”, дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 апрель куни Россиянинг Украина Президенти Владимир Зеленский туғилиб ўсган шаҳар – Кривой Рогга уюштирган ракета ҳужуми оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлганди. Улар орасида тўққиз нафар бола ҳам бор эди. Шунингдек, ҳужум оқибатида 50 дан ортиқ киши жароҳат олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Владимир Зеленский Суми ракета зарбаси Игорь Клименко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг