Россиянинг қадамлари нотўғри – Эрдўған Путинга қўнғироқ қилмоқчилигини айтди
Олам
−
22 Сентябрь 2022
11181Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг икки давлат халқлари, минтақа ва бутун дунё учун баҳоси яққол кўриниб турибди. Ҳеч ким вазиятни оғирлаштириш ва юзага келадиган зарарни ошириш йўлларини изламаслиги керак. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Нью-Йоркда журналистларга берган интервьюсида сўз очди.
Унинг қайд этишича, Туркия Украинадаги вазиятдан чиқиш йўли масаласида умидини сақлаб қолган. Сўнгги маҳбуслар алмашинуви бунга яққол мисолдир.
“Путин ва Зеленский билан музокаралар натижасида 200 нафар ҳарбий асир алмашилди. Туркия воситачилигида эришилган келишув, назаримда, урушни тугатиш йўлидаги муҳим қадамдир. Биз учун бу воқеа дунё учун жиддий умид манбаидир”, дейди Туркия раҳбари.
Туркия Президенти Анқара Украинадаги қон тўкилишини тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттиришини таъкидлади.
У Россия ва Украина раҳбарларига, шунингдек, маҳбусларни алмашишни ташкил этишда ҳаракат қилган барчага миннатдорлик билдирди.
Эрдўған дипломатик воситалар расмий Анқара сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келганини ва бундан кейин ҳам шундай бўлишини таъкидлади.
“Биз халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланамиз, биз принципиал позициялардан ишлаймиз. Жаҳон воситачисининг ўрни ва жаҳон дипломатиясидаги етакчи мавқеи бизни катта ташаббусдан фойдаланишга мажбур қилади. Биз бошиданоқ дипломатия кучига ишониб, унинг самарадорлигини исботладик”, дейди Эрдўған.
Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг биринчи кунидан бошлаб Анқара ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва Россия қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетиш тарафдори бўлганини эслатди.
“Самарқандда [Россия Федерацияси Президенти билан] бўлиб ўтган учрашувда биз яна бир бор шу масалага эътибор қаратдик. Анқара ҳам Россия ва Украина раҳбарлари, ҳам бошқа дунё етакчилари даражасида тинчлик кун тартибини илгари суриш учун чоралар кўрмоқда”, дейди Эрдўған.
Туркия раҳбари АҚШдан Туркияга қайтгач, Украина бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттириш мақсадида ҳамкасбларига қўнғироқ қилишини айтди.
Шу билан бирга, у БМТнинг Украинадаги урушни тугатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари самарасизлигидан афсусда эканини билдирди.
“Қрим аннексия қилинган 2014 йилдан бери Туркия Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва сиёсий бирлиги тарафдори. Биз Россиянинг бу борадаги қадамлари нотўғри ва номақбул эканлигини очиқ эълон қилдик. Сиёсий, гуманитар ва техник масалаларда Анқара, албатта, Украинани қўллаб-қувватлайди ва мулоқот каналларини очиқ сақлашга интилади. Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз тинчлик ва барқарорликка қаратилган. Биз учун одамларнинг ҳаёти муҳим. Биз барча инқирозли вазиятлардан дипломатик йўл билан чиқиш тарафдоримиз”, дейди Эрдўған.
Унинг таъкидлашича, салбий муносабат кутилган натижани келтирмайди: "Аксинча, ўлим сони ва вайронагарчилик кўлами ошади".
LiveБарчаси