Россиянинг икки банки КХДРнинг касрига АҚШ санкцияларига дучор бўлди

Олам 12652
image

Америка Қўшма Штатлари “Узоқ Шарқ” банки ва Самарада жойлашган “Спутник” банкига Шимолий Кореяни оммавий қирғин қуроллари ва баллистик ракета дастурларини ишлаб чиқишда молиявий қўллаб-қувватлагани учун санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлиги расмий сайтида эълон қилинди.

Қайд этилишича, “Узоқ Шарқ” банки КХДРнинг “Air Koryo” миллий авиаташувчиси ва мамлакатнинг бошқа давлат идораларига хизмат кўрсатгани учун, “Спутник” банки эса КХДРнинг санкция остидаги Ташқи савдо банки билан ҳамкорлик қилгани учун жазоланган.

“Бугунги кунда Ғазначилик департаменти КХДРнинг оммавий қирғин қуроллари ва баллистик ракета дастурларини қўллаб-қувватловчиларга, шунингдек, била туриб КХДР ҳукуматига муҳим молиявий хизматлар кўрсатаётган хорижий молия институтларига нисбатан санкциялар жорий қилмоқда”, дейди вазир ўринбосари Брайан Нельсон. 

Бундан ташқари, Хитой-Шимолий Кореянинг “Air Koryo Trading Corporation” компанияси ва Беларусга қочиб кетган Шимолий Корея фуқароси ҳам санкциялар остида қолган.

Америкаликлар компанияни Шимолий Корея Ракета саноати вазирлиги билан ҳамкорлик қилишда айбламоқда. Хабарга кўра, КХДР компания орқали турли электрон компонентларни харид қилиш ва импорт қилишга уринмоқда. АҚШ Молия вазирлиги Беларусга қочган жисмоний шахсни эса КХДР Иккинчи табиий фанлар академиясининг вакили деб ҳисоблайди.

Санкциялар АҚШда жойлашган ёки уларга тегишли бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини музлатишдан иборат. Шунингдек, у санкция қўйилган шахсларнинг мулки билан боғлиқ бўлган шахсларнинг Қўшма Штатлар ичидаги ҳар қандай операцияларини (жумладан, АҚШ орқали транзит операцияларини) тақиқлайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 май куни Шимолий Корея учта ракета учирди: битта қитъалараро баллистик ракета ва иккита қисқа масофали баллистик ракета. Умуман олганда, Шимолий Корея жорий йилда 23 та баллистик ракета учирди, улардан 6 таси қитъалараро баллистик ракеталардир.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 262
Рейтинг: 2.9
t
×