Россиянинг энг гўзал аёли аниқланди
Олам
−
16 Август 46467 2 дақиқа
Турмуш қурган аёллар ўртасида ўтказилган 25-умумроссия гўзаллик танлови – “Миссис Россия – 2025” унвонига Магнитогорскда яшовчи 37 ёшли Екатерина Семенова сазовор бўлди. Танлов финали кеча, 15 август куни Москвадаги “На Плющихе” театр марказида бўлиб ўтган. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Мен Магнитогорск шаҳриданман, бу Жанубий Урал, Челябинск вилояти. Менинг ютуқларим орасида “Магнитки гўзали”, “Урал федерал округи гўзали ” ва “Магнитогорск марвариди” каби унвонлар бор. Бу танловлардан кейин мен ташкилотчи, саҳна режиссёри даражасига ўтдим. Бугунги кунда дефиле (моделларнинг саҳнада, подиумда юриши) бўйича тренер бўлиб ишлайман. Нафақат минтақавий, балки федерал даражада ҳам иштирок этиб, бош тож учун курашаман, деб жуда кўп орзу қилган эдим”, дейди Семенова.

Иккинчи энг муҳим унвон – “Гран-при Миссис Россия – 2025”ни Самарадан Юлия Смолякова қўлга киритган. Танлов иштирокчилари орасида махсус ҳарбий операция қаҳрамонларининг рафиқалари, тадбиркор аёллар, шифокорлар, педагоглар ва кўп фарзандли оналар бўлган. Хусусан, улардан олтитаси тўрт ва ундан ортиқ фарзандни тарбияламоқда. Танлов доирасида 28 та номинация (“Миссис табассум”, “Миссис меҳр-шафқат”, “Миссис Интернет”), бир махсус номинация – “Миссис ватан ҳимоячиси” ҳамда беш унвон: биринчи, иккинчи ва учинчи вице-миссис Россия, “Миссис Россия Классик” ва “Биринчи вице-миссис Россия Классик” тақдим этилган.
Бу йилги танловда Россиянинг жами 22 шаҳридан, жумладан, Ингушетия, Севастополь, Курск ва бошқа шаҳарларидан 46 нафар она иштирок этган. Энг ёш номзод Смоленскдан Юлия Савочкина бўлиб, у 26 ёшда, энг катта ёшли иштирокчи эса Нижний Новгороддан Марина Савелева бўлиб, у 63 ёшда.
“Миссис Россия” танловини “Аёллар сайёраси” жамғармаси президенти Алла Маркина ташкил этган. У Москвада 2000 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. Танловнинг асосий ғолиблари “Womam Star World” журналининг юлдузли муқовасида чиқиш ҳуқуқини олади. 2024 йилги танловда санкт-петербурглик уч фарзанднинг онаси – 40 ёшли Людмила Рожнева ғолиб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Алабама штатидаги Оберн университетининг 22 ёшли ҳамшира талабаси Абби Стокард “Америка гўзали 2025” танлови тожини қўлга киритганди.
Live
Барчаси