Россияликларнинг ЕИда музлатилган активлари миқдори 24,1 миллиард еврога етди

Олам

image

Май ойи охирида Европа Иттифоқи давлатлари россияликларнинг 24,1 миллиард евро миқдоридаги шахсий активларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда бугун, 27 май куни Европа Комиссияси маълумотларига таяниб, “Welt am Sonntag” газетаси хабар берди. 

Таъкидланишича, Россия Федерациясининг ҳукмрон доиралари билан яқин алоқада бўлган россиялик тадбиркорларнинг музлатилган активлари миқдори сўнгги олти ойда унчалик ошмаган – 2022 йил декабригача 18,9 миллиард евро ҳисобидаги маблағ музлатилган. Ўсишнинг нисбатан кичик бўлганлиги бошқа нарсалар қатори Германия билан ҳам боғлиқ: 2023 йил 24 февраль ҳолатига кўра, мамлакат ҳукумати россияликларнинг 5,22 миллиард евролик активларини музлатиб қўйган. Россия Банкининг активларига келсак, улар ЕИда тахминан 200 миллиард евро, Европа Иттифоқи мамлакатларида ва G7 да эса 300 миллиард еврога яқин миқдорда музлатилган.

Маълум бўлишича, музлатилган активларни Украинани қайта тиклашга жўнатиш бўйича Европа Комиссияси режаларини амалга оширишда ҳали ҳам қонуний тўсиқлар мавжуд. 

Активларни мусодара қилиш учун Европа давлатлари Канада сингари миллий қонунларни ўзгартириши керак бўлади. Бироқ Брюсселдаги расмийлар бу билан Африка ва Хитой компанияларини қўрқитиб қўйиши мумкин. Шу муносабат билан, Европа Комиссияси Россия Марказий банкининг музлатилган активларига тегмаслик керак, деб ҳисобламоқда. Еврокомиссия вакилининг айтишича, санкциялар олиб ташланганидан кейин пулларни қайтариш керак бўлади. 

Айтилишича, Европа Иттифоқи ҳозирда маблағларни капитал бозорига инвестиция қиладиган мақсадли фондга ўтказиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Кейин фойдадан олинган фоизларни Украина олиши мумкин бўлади. Европа Комиссияси тинчлик келишувига эришилган, Россия Федерацияси Украинага товон пули тўлаган тақдирда “рус” пулларини ҳисобга олишни режалаштирмоқда. Европа Иттифоқи ҳали якуний қарор қабул қилгани йўқ, бу июнь ойининг охирида бўлиб ўтадиган ЕИ саммитида кутилмоқда. 

Газетанинг таъкидлашича, тадбиркорларнинг мол-мулки – виллалар, яхталар, автомобиллар ёки санъат буюмларини мусодара қилиш мумкин эмас, чунки Россия расмийлари билан алоқада бўлганликда гумон қилиш мусодара қилиш учун асос эмас. Бу фақат санкциялар режими бузилганлиги ҳақида далиллар мавжуд бўлганда амалга оширилиши мумкин.

Аммо Германия ҳукумати агар музлатилган маблағларни Украинани қайта тиклаш учун ишлатиладиган бўлса, ўзини Россия Марказий банки активларини мусодара қилиш ҳуқуқига эга, деб ҳисоблайди. Германия парламенти ҳуқуқшуносларининг фикрича, бундай ҳолда санкциялар бекор қилингандан кейин пулни қайтариш мажбурияти ўз кучини йўқотмайди, бироқ немис ҳукумати Европа Иттифоқи санкциялари остидаги жами 1471 жисмоний шахс ва 205 фирма учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи шахсий активлар Россияликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг