Россиялик сенаторлар Валерий Меладзедан фуқароликни олиб қўймоқчи
Маданият-санъат
−
03 Январь 2023
10948Россия Федерацияси кенгаши сенатори, халқаро алоқалар қўмитаси аъзоси Елена Афанасьева Валерий Меладзедан Россия фуқаролигини олиб қўйиш керак деган фикрда. Бу ҳақда у кеча, 2 январь куни ўзининг Telegram каналида ёзди.
Гап шундаки, ижтимоий тармоқларда хонанда Валерий Меладзе иштирокидаги видео тарқалган бўлиб, унда хонанда бир қўлида микрофон, иккинчи қўлида қадаҳ тутган ҳолатда турганида тадбир иштирокчиларидан бири ундан “слава Украине” (Украинага шон-шарафлар), деган сўзни айтишини сўрайди, шундан сўнг Меладзе микрофонни четроққа олиб “героям слава” (қаҳрамонларга шон-шарафлар), дея жавоб қайтаради. Ушбу видео парча россиялик ва украиналик интернет фойдаланувчилари орасида трендга чиқиб улгурди. Маълум бўлишича, бу воқеа Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги ресторанлардан бирида содир бўлган.
Сенатор Афанасьева шахсий Telegram каналига ушбу видеони жойлаштирар экан даставвал, “ҳайвоний, хунук, ҳиёнат”, деб ёзган.
“Меладзе бу гуруҳни қўллаб-қувватлагани учун Россия Федерацияси фуқаролигидан маҳрум қилиниши керак. Фуқароларимиз рус халқи учун жон бераётган, Россия ҳудудларини ҳимоя қилаётган бир пайтда, баъзилар украиналик миллатчилар билан бирга “ош-қатиқ” бўлишга вақт топяпти. Буни ҳазм қилиш мумкин эмас. Агар Меладзе виждонли инсон бўлганида унинг ўзиёқ Россия фуқаролигини топширган бўлар эди. Лекин бунга менинг шубҳам бор. Улар Россияда катта пул топишга ўрганиб қолган ва машаққатсиз топилган чексиз миллионларни ўйин-кулгуга сарфлашяпти”, деган у.
Бу россиялик сенаторлар бошқаларни фуқароликдан маҳрум қилиш таклифи билан чиққан ягона ҳолат эмас. ТАСС нашрига кўра, Федерация Кенгашининг конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси раҳбари Андрей Клишас 2022 йилнинг ёзида Россия Давлат Думаси депутати Иван Сухарев рус сиёсатини танқид қилгани учун фуқароликдан маҳрум қилишни талаб қилган.
Маълумот ўрнида, Валерий Меладзе 1965 йилнинг 23 июнь куни Грузиянинг Батуми шаҳрида туғилган. 1989 йилда Украинадаги Кемасозлик институтини тамомлаган, 1994 йилда аниқ фанлар йўналишида илмий иш ёқлаган. Шунга қарамасдан Валерий Меладзе акаси Константин Меладзе сабаб санъат йўлини танлаган ва 1992 йилдан буён яккахон ижод билан шуғулланиб келмоқда. У 2009 йилда Россияда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган бўлиб, у куйлаган “Белые птицы”, “Свободный полет”, “Потерян и не найден” ва “Время Вышло” каби тароналари Ўзбекистонда ҳам машҳур.
LiveБарчаси