Россиялик олигархлар санкциялар остида ҳам Европада пул ишлаб топмоқда – “The Insider”
Олам
−
12:04
2859Европа Иттифоқи санкцияларидаги бўшлиқ туфайли Россия Президенти Владимир Путинга яқин ҳисобланган миллиардерлар ЕИ билан савдодан пул ишлашда давом этмоқда. Бу ҳақда кеча, 22 декабрь "The Insider" хабар берди.
"Акциядорлари Владимир Путинга шахсан яқин бўлган миллиардерлар бўлган компаниялар ўз маҳсулотларини Ғарбга ҳеч нарса бўлмагандек экспорт қилишда давом этмоқда.Улар, агар санкцияланган ишбилармонлар улуши 50% дан кам бўлса, компанияларга Европа Иттифоқи бозорларида эркин фаолият юритиш имконини берувчи бўшлиқдан фойдаланади. Натижада Геннадий Тимченко, Алишер Усмонов ва Олег Дерипаска каби энг жирканч олигархлар томонидан Европа билан савдодан миллиардлаб доллар фойда олинади", дейилади хабарда.
Журналистларнинг сўзларига кўра, Олег Дерипаска Европа Иттифоқи унга қарши санкциялар қўйганидан сўнг En+ ва шунга мос равишда "Русал"даги улушини 50 фоиздан пастга туширган. Бу автоматик равишда корхоналарнинг ўзини санкциялардан олиб ташлади.
"Бугун Дерипаска En+'ни 35% назорат қилади, ўз навбатида, йирик алюминий ишлаб чиқарувчи "Русал"нинг деярли 57% акцияларига эгалик қилади", деб тушунтиради суриштирув.
Муаллифларнинг аниқлашича, 2024 йилнинг биринчи ярмида "Русал" Европа мамлакатларида 1,3 миллиард доллар ишлаб топган. Улар шуни кўрсатадики, компания Швецияда (Kubikenborg Aluminium AB), Ирландияда (Aughinish Alumina), Германияда (Aluminium Rheinfelden) ва Италияда (Eurallumina) ҳам маҳсулот ишлаб чиқаради.
"Уруш пайтида, 2022 йилдан 2024 йилгача Дерипасканинг бойлиги бир ярим баравардан кўпроққа ошди", деб ёзади "The Insider".
"Forbes" маълумотларига кўра, унинг умумий активлари ҳозирда 2,8 миллиард долларга баҳоланган.
Яна бир россиялик миллиардер Алишер Усмонов ҳам USM'даги улушини 49 фоизга камайтирди, шунинг учун энди унга санкциялар таъсир қилмаяпти. "The Insider" маълумотларига кўра, USM таркибига кирувчи Россия ва МДҲдаги энг йирик темирйўл компанияси "Металлоинвест" ўз маҳсулотларини Европа мамлакатларига экспорт қилишда давом этмоқда.
"Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Алишер Усмоновнинг бойлиги 13,4 миллиард долларга ошган", дейилади мақолада.
Қайд этилишича, Путинга яқин бўлган бошқа россиялик тадбиркорлар Ғарб санкцияларини ўзлари фойда олувчи компаниялардаги улушларини камайтириш ёки активларининг бир қисмини қариндошларига ўтказиш орқали четлаб ўтишга муваффақ бўлган. Будар "Фосгаро" акциядори Андрей Гурьев, Санкт-Петербург кон университети ректори Владимир Литвиненко, у ҳам "Фосгаро"да улушга эга, "Еврохим" компанияси акциядори Андрей Мельниченко, "Евраз" ва "Норилск Никел" акциядорлари Роман Абрамович, "Новатэк" ва "Сибур"нинг акциядори Геннадий Тимченко.