Россиялик экспортчи Ўзбекистон компаниясидан қарийб 13 млн рубль ундиради
3-саҳифа
−
28 Ноябрь 11048 3 дақиқа
Россиянинг Уфа шаҳридаги “Дуслар” савдо уйи Тошкентда жойлашган Agro Organic Food компаниясидан Ўзбекистонга асал ва қуритилган сут зардоби етказиб бериш бўйича тузилган шартномалардан келиб чиққан 12,7 млн рубль (1,9 млрд сўм) қарзни суд орқали ундириб олди. Башқирдистон Арбитраж суди даъвони тўлиқ қаноатлантирди. Жавобгарда қарордан шикоят қилиш учун бир ой вақт бор. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Маълум бўлишича, 2023 йил ёзида томонлар икки шартнома тузган бўлиб, унга кўра, башқир компанияси ўзбек шеригига асал ва қуритилган сут зардобини етказиб бериши керак эди. Харидор ҳар бир партия учун етказиб берилган пайтдан ва божхона расмийлаштирувидан кейин 30–60 кун ичида тўлаши лозим эди.
Уфа компанияси 2023 йил охирига қадар буюртмачига 4,8 млн рубллик асал ва қарийб 7 млн рубллик қуритилган сут зардобини жўнатган, бироқ жами 592 минг рубль тўлов олди. Қарзнинг умумий миқдори 11,1 млн рублни ташкил этган. Етказиб берувчи буюртмачига даъво тартибида расмий талабнома юборган, аммо шундан кейин ҳам тўлов амалга оширилмаган. Шундан сўнг “Дуслар” савдо уйи судга мурожаат қилган.
Ўзбекистон компанияси даъво ҳақида хабардор қилинган бўлса-да, судга жавоб тақдим этмаган. Натижада суд Agro Organic Food компаниясидан Уфа компанияси фойдасига 11,1 млн рубль қарз, 1,2 млн рубль жарима, вакил хизматлари учун 90,4 минг рубль ва давлат божи учун 348,2 минг рубль ундирилиши тўғрисида қарор чиқарган.
Экспертлар айтишича, суд қарорларини мажбурий ижро этиш борасида халқаро ҳамкорлик, одатда, давлатлараро шартномалар ва миллий қонунчилик билан тартибга солинади.
“Агар Россия ва Ўзбекистон ўртасида шундай шартномалар мавжуд бўлса ҳам, қарор автоматик равишда ижро этилмайди. Башқирдистон Арбитраж судининг бу қарори жавобгар давлат – Ўзбекистон суд тизимида алоҳида тартибда тан олиниши керак бўлади”, деди Veta экспертлар гуруҳи мутахассиси Александр Терентьев.
Унинг сўзларига кўра, даъвогар Ўзбекистон иқтисодий судига мурожаат қилиб, қарорни тан олиш жараёнини бошлаши лозим бўлади. Суд мазкур қарорни халқаро ҳуқуқ нормалари, жавобгар ҳуқуқларининг сақланганлиги ва қарорни чиқарган суднинг ваколати нуқтаи назаридан текширади.
Экспертнинг фикрича, жавобгар суд жараёнида даъвони рад этмагани ва ҳеч қандай эътироз билдирмагани, шунингдек, даъвогарга қарши қўшимча салбий омиллар йўқлиги инобатга олинса, қарорни Ўзбекистонда тан олдириш имкониятлари юқори.
“Дуслар” савдо уйи 2020 йил декабрь ойида Уфада рўйхатдан ўтган. Компаниянинг муассиси ва раҳбари — Вилен Казеев. Асосий фаолият — сут маҳсулотлари, тухум, ёғ ва мойларнинг улгуржи савдоси. “Rusprofile” маълумотларига кўра, 2024 йилда компания айланмаси 166 млн рублни, соф фойдаси эса 3,7 млн рублни ташкил этган.
Agro Organic Food эса 2018 йилда Тошкентда рўйхатдан ўтган. Компания таъсисчиси ва раҳбари Алишер Юсупов. Асосий фаолияти озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан ичимликлар, ва тамаки маҳсулотлари ихтисослашмаган улгуржи савдоси.
Live
Барчаси