Россиядан 15 минг муҳожир депорт қилинди

Олам

image

Россияда ўтказилган “Нолегал 2023” операцияси давомида мамлакатдан 15 мингга яқин хорижлик депортация қилинди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Волк маълум қилди.

Унинг айтишича, “Нолегал 2023” операцияси икки босқичда ўтказилган: 19-25 июнь ва 2-8 октябрь. Унда ИИВ, Россия Федерал хавфсизлик хизмати ва Росфинмониторинг ходимлари Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлардан борган ҳамкасблари билан биргаликда иштирок этган.

“Хорижий фуқароларга нисбатан мамлакатимиздан маъмурий чиқариб юбориш ёки депортация қилиш тўғрисида 15 мингга яқин қарор қабул қилинди. 447 нафар федерал ва халқаро қидирувда бўлган шахслар аниқланди”, дейди Волк.

Унинг сўзларига кўра, Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида миграция қонунчилигининг 96 мингга яқин бузилиши аниқланган. Шунингдек, Россияга кириш, чиқиш ва бўлиш қоидаларини бузишнинг 73 мингдан ортиқ, бундан ташқари, меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижликлар томонидан 22 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган. Волкнинг таъкидлашича, оқибатда 3,6 мингга яқин жиноий иш қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бош бошқармаси ноқонуний мигрантларнинг мамлакатда автомашиналарини рўйхатдан ўтказиши, банк ҳисоб рақамлари очиши ва турмуш қуришини тақиқловчи қонун лойиҳасини тайёрлагани айтилганди. Шунингдек, Россиянинг Урал федерал округида мажбурий меҳнатга жалб этилган ўзбекистонликлар мамлакатга қайтарилгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг