Россиядаги заводда йирик портлаш бўлди. Қурбонлар бор
Олам
−
23 Октябрь 2025 14118 2 дақиқа
Россиянинг Челябинск вилоятидаги Копейск шаҳрида жойлашган корхонада юз берган портлаш оқибатида камида 9 киши ҳалок бўлди, яна 5 киши жароҳат олди. Бу ҳақда вилоят губернатори Алексей Текслер маълум қилди.
Губернаторнинг сўзларига кўра, корхонада дрон ҳужуми содир бўлган деган таҳминлар мавжуд, аммо у ҳозирча тасдиқланмаган.
Маҳаллий ахборот каналларига кўра, портлаш “Пластмасс” заводи ҳудудида рўй берган бўлиб, у ерда қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқарилади. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, учта дрон учиб келгани ҳақида видео ҳам тарқалган. Портлашдан кейин заводда дрон ҳужуми хавфи эълон қилинган. Айрим манбаларга кўра, ҳодиса юз берган вақтда навбатчиликда 15 киши бўлган.
Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар фаолият кўрсатмоқда. Текслернинг сўзларига кўра, ёнғин ўчирилган ва махсус хизматлар майдонни сув билан тўлиқ намлашдан сўнг вайроналар орасини тозалаш ишларига киришади. Ҳодисада бедарак йўқолганлар бўйича маълумотлар аниқлаштирилмоқда.
Воқеа гувоҳлари портлаш тўлқини шаҳарнинг турли ҳудудларида сезилганини айтган. Айрим уйларнинг деразалари ва деворлари силжиб кетган. Айрим аҳоли вакиллари кескин зарба овози ва кучли вибрация уларни қўрқитгани, ҳатто баъзилари метеорит қулади деб ўйлаганини билдирган.
ОАВга кўра, завод дарвозалари олдида ўнлаб одамлар тўпланган. Улар орасида навбатчиликка келган, аммо ҳудудга киритилмаган ишчилар ҳам бор. Шунингдек, гувоҳлардан бири тан жароҳати олган ҳолда, завод ҳудудидан чиққан ва уни яқинлари кутиб олгани қайд этилган.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Копейскдаги “Пластмасс” кон саноати учун портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири бўлиб, у ҳарбий маҳсулотларни утилизация қилиш орқали олинадиган компонентлардан ҳам фойдаланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Теннесси штатидаги портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи Accurate Energetic Systems заводида кучли портлаш содир бўлганди. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, бир неча киши ҳалок бўлган, камида 18 киши бедарак йўқолган, яна тўрт киши шифохонага ётқизилган.
Live
Барчаси