Россиядаги мактабларда ҳижоб кийиш тақиқланди
Олам
−
28 Октябрь
3855Россиянинг Владимир вилоятидаги мактабларда ўқувчиларнинг диний мансублигини кўрсатувчи кийим, жумладан, ҳижоб ва ниқоб кийиш тақиқланди. Бу ҳақда вилоят Таълим ва ёшлар сиёсати вазирлиги жорий йилнинг 22 октябрь куни қарор чиқарган.
Қарор Светлана Болтунова – ўлканинг Таълим ва ёшлар сиёсати вазири томонидан имзоланган. Вазирлик ўзининг В Контакте ижтимоий тармоғидаги саҳифасида диний кийимдаги тақиқ Россиянинг “черков давлатдан, жумладан, дунёвий таълим соҳасидан ажратилган” дунёвий мамлакат эканлиги билан боғлиқлигини қайд этган. Вазирлик, шунингдек, қарор “Виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида”ги қонун ҳамда “Таълим тўғрисида”ги қонунларга тўлиқ мос келишини билдирган.
“Бу тақиқ ўқувчининг диний мансублигини кўрсатадиган ҳар қандай кийимга тааллуқлидир, шунинг учун нормалар маълум бир конфессия издошларининг диний кийимларига қаратилган эмас”, деган “Пропозитум” юридик идорасининг катта ҳуқуқшуноси Павел Григорьев.
“Юлдузча” юридик идорасининг бошқарувчи ҳамкори Владимир Хантимиров тақиқ аниқ динлардан бирига тааллуқли бўлган атрибутларга, шу жумладан кийим устидаги православ хочларига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини айтган.
Унга кўра, ушбу қоидаларга амал қилишга тайёр бўлмаганлардан масофавий таълимга ўтиш сўралиши мумкин.
2024 йилнинг май ойи охирида Давлат Думаси спикери ўринбосари Владислав Даванков қуйи палатага кўриб чиқиш учун Россия вилоятларига мактабларда юзни беркитувчи кийим кийишни тақиқлаш имконини берувчи қонун лойиҳасини тақдим этганди. Бу таклиф Чеченистон ҳукумати вакиллари томонидан танқид қилинди. Давлат Думаси депутати Адам Делимхановнинг айтишича, республика расмийлари юзни беркитувчи ниқоб кийишни маъқулламайди, негаки бошини ҳижоб билан ўраш “мусулмон аёлнинг диний бурчи”дир. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам тақиқга қарши чиққанди.
Ҳукумат Даванковнинг қонун лойиҳасига берган жавобида “диний кийим” ва “диний атрибутлар ёки диний рамзлар туширилган кийим” тушунчалари қонун ҳужжатларида белгиланмаганлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, Россияда таълим тўғрисидаги қонун аллақачон давлат ва шаҳар мактаблари минтақавий ҳокимият органлари томонидан тасдиқланган стандарт талабларга мувофиқ ўқувчилар кийимига бўлган талабларни белгилайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Доғистон муфтияти республикада таҳдидлар бартараф этилгунига ва янги диний хулоса чиқарилгунга қадар ниқоб кийишни вақтинчалик тақиқлаганини эълон қилганди. Ниқоб кийишни тақиқлаш масаласи жорий йилнинг 23 июнь куни Махачқалъа ва Дарбандда қуролли одамлар томонидан отишма бошланганидан кейин юзага келган. Ўшанда жангарилар орасида амалдорнинг ўғиллари ҳам бўлган. Доғистон раҳбари Сергей Меликов ҳам ниқоб кийишга қарши чиқиб, бу кийим Кавказ халқларига хос эмаслигини айтган.
Германияда эса автомобилларни ниқоб кийган ҳолда бошқариш тақиқланганди. Кобленц шаҳар Олий маъмурий суди раҳбарияти автомобиль ҳайдаш пайтида ниқоб кийиш барча йўл ҳаракати қатнашчиларининг хавфсизлигига таҳдид солишини билдирган.
LiveБарчаси