Россиядаги мактабда 9-синф ўқувчиси отишма содир этди

Олам

image

Бугун, 12 май куни Россиянинг Краснодар ўлкасидаги туманларидан бирида жойлашган мактабда отишма юз берди. Тўққизинчи синф ўқувчиси таълим муассасасига пневматик қурол олиб кирган. Отишма оқибатида жабрланганлар бор. Бу ҳақда “Lenta” хабар берди.

Қайд этилишича, отишма Кубаннинг Гулькевичи туманидаги М.И. Коротков номидаги 1-сонли мактабда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пневматик қурол олиб бориб, икки нафар ўқувчини жароҳатлаган. Жабрланувчилар шифохонага етказилган. Минтақа раҳбарининг билдиришича, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, болаларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.

Ҳодисадан сўнг Краснодар ўлкаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўқувчилар ва ота-оналарга ёрдам бериш учун мактабга психологларни юборган. Ҳукумат мактаб раҳбарияти ва қўриқлаш ташкилотига нисбатан текширув бошлаган. Энди мутахассислар қурол таълим муассасасига қандай қилиб олиб кирилганини аниқлашлари керак. Бундан ташқари, муниципалитетга минтақавий Таълим вазирлиги комиссияси юборилган.

Прокуратуранинг хабар беришича, воқеа жойида Гулькевичи тумани прокурори Владимир Хлинов ишламоқда ва у махсус хизматлар ҳаракатларини мувофиқлаштирмоқда.

Қобилжон фожиаси

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 16 декабрь куни эрталаб 15 ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пичоқ билан бостириб кирди. У аввалига синфхоналарга кириб, ўзи учун ўлжа қидирган. Уни пайқаган мактаб қўриқчисига қарата кўзни ачиштирувчи газ пуркаган ва уни пичоқлаган. Шундан кейин у шу мактабнинг 4-синф ўқувчиси – тожикистонлик мигрант оила боласи Қобилжон Алиевни пичоқлаб ўлдирган.

Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган 15 ёшли ўсмир сўроқ пайтида айбини тан олганини, жиноятга тайёргарлик кўриш ва тафсилотларни ҳам баён қилганини маълум қилди.

Ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олингач, унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.

17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Одинцовонинг Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабида тўртинчи синф ўқувчисининг ўлдирилишини қоралади. Вазирлик республика фуқароси бўлган боланинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди. 

Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Тожикистонга ва Москва вилоятининг Одинцово шаҳридаги мактабда ҳалок бўлган боланинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги фожианинг барча ҳолатларини аниқлаш ва тергов ўтказиш учун Москвадаги Тожикистон элчихонасига зудлик билан ёрдам таклиф қилди. 

Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Юсуф Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят ҳолатларини холис текшириш учун барча имкониятларни ишга солаётганини билдирди.

18 декабрь куни эрталаб Тожикистондаги уйига олиб келинди ва Шаҳринав туманидаги қабристонга, отасининг қабри ёнига дафн этилди. 

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ушбу қотиллик бўйича 15 ёшли Россия фуқаросини қўлга олиб, унга нисбатан “қотиллик” ва “қотилликка суиқасд” моддаларига асосан жиноят иши қўзғатган. Суд қарорига кўра, гумонланувчи икки ой муддатга дастлабки қамоққа олинди.

22 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарларининг норасмий учрашуви чоғида Россия етакчиси Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга тожикистонлик мактаб ўқувчисининг ўлдирилиши ортидан ҳамдардлик билдирди ва айбдорлар албатта жазоланишини ваъда қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия отишма Краснодар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг