Россияда урушга борган абитуриентларга қўшимча балл бериш таклиф қилинди
Олам
−
30 Июнь 2023
4470Россияда абитуриентлар Украинадаги урушда қатнашгани учун олий ўқув юртларига ўқишга кирганларида қўшимча ўн балл олишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Таълим ва фан вазирлигининг таълим стандартлари порталига жойлаштирилган ҳужжатда айтилган.
“Абитуриентнинг шахсий ютуқлари, жумладан, ҳарбий хизматни ўтагани ва кўнгиллилар таркибига киргани учун бериладиган баллар йиғиндиси ўн баллдан ошмаслиги керак”, дейилади вазирлик хабарида.
Урушда қатнашган олий ўқув юртларида тўлов асосида таҳсил олаётган талабалар эса 2023-2024 ўқув йилида бюджетга ўтишлари мумкин бўлади.
Бир ой олдин вазирлик университетларга Украинадаги босқин иштирокчиси бўлган талабалар ёки уларнинг оила аъзолари учун таълим харажатларини камайтириш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатишни тавсия қилган.
Бундан ташқари, жанговар фахрийлар мақомига эга бўлган талабалар давлат ижтимоий стипендияси олиш ҳуқуқига эга бўлиб, улар ўқиш тугагунига қадар тўланади. Шу билан бирга, Олий Иқтисодиёт мактаби уруш иштирокчилари, уларнинг фарзандлари ва яқин қариндошларини бепул ўқитишга ваъда берган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь