Россияда одам ўлдирган ўзбекистонликка 1 йил шартли қамоқ жазоси берилди
Олам
−
19 Ноябрь 9443 2 дақиқа
Россиянинг Москва вилоятидаги Шёлково шаҳрида 49 ёшли кар-соқов эркакни ўриб ўлдириб қўйган, 26 ёшли Ўзбекистон фуқаросига 1 йиллик шартли қамоқ жазоси тайинланди. Жасадни яширишга ёрдам берган шериги эса мамлакатдан депортация қилинди. Бу ҳақда “Москва онлайн” хабар берди.
Воқеа жорий йилнинг 20 июль куни юз берган. Марҳум металл қидириб юрган икки кишига имо-ишора билан танбеҳ берган. Мигрантлар буни ҳақорат деб тушунган ва улардан бири кар-соқов эркакни бир неча бор калтаклаган. Жабрланувчи йиқилиб, бошидан олган оғир жароҳатлар туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳодиса содир бўлгач, икки эркак жасадни ён томонга судраб, изларини яширишга уринган. Кўп ўтмай улар қўлга олинган. Улардан бири қотилликда айбланган бўлса, иккинчиси жиноят изларини йўқотиш моддаси билан жавобгарликка тортилган.
Хабарда айтилишича, дастлаб тергов гумонланувчининг хатти-ҳаракатларини “қасд билан оғир тан жароҳати етказиш” деб баҳолаган. Аммо кейинчалик айблов “эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш” моддасига енгиллаштирилган. Шу сабабли ҳукм ҳам юмшатилган.
Марҳумнинг қариндошлари суд қарорини кескин танқид қилмоқда. Уларнинг айтишича, марҳум эркак жанжалга сабаб бўлувчи хеч қандай ҳаракат содир этмаган, тергов эса бу ҳолатни инобатга олмай, судланувчиларга ён босган.
Эслатиб ўтамиз, 2 ноябрь куни Россия пойтахти Москва шаҳридаги “Филатов луг” тураржой мажмуасида мигрантлар ўртасида оммавий жанжал содир бўлганди. Воқеа жойига полиция ходимлари етиб бориб, ҳодисада иштирок этган шахсларни аниқлаш бўйича текширув олиб борилган.
Комила Қобилова
Live
Барчаси