Россияда кучли ёмғир кўчаларни “кўл”га айлантирди (видео)
Олам
−
15 Июль 14610 2 дақиқа
Кеча, 14 июль ва бугун, 15 июль куни Россия пойтахти Москва шаҳрида кучли ёмғир ёғиб, момақалдироқ содир бўлди. Оқибатда шаҳар кўчаларини сув босди, ҳатто ерости автотураргоҳлари ҳам сувга тўлган. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Шаҳар Транспорт бошқармаси маълумотига кўра, об-ҳаво шароити сабабли ерусти транспортида маҳаллий кечикишлар ва айрим йўналишларда ўзгаришлар бўлиши мумкин. Давлат Думаси биносида кучли ёмғир туфайли тамаки чекадиган жойни сув босган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шамол тезлиги 20-23 метр/сониягача етишидан огоҳлантирмоқда.
“Фобос” об-ҳаво марказининг етакчи мутахассиси Евгений Тишковец бугун, 15 июль куни ҳаво ҳарорати 24-27 даражагача тушишини маълум қилган. Метеорологнинг айтишича, энг кўп ёғингарчилик Россиянинг марказий ҳудудлари ва шимоли-ғарбий қисмида кузатилади. Дон дарёсининг қуйи оқими, Донбасс, Запорожье, Карелия ва Коль яриморолида эса ёғингарчилик кутилмайди.
Шунингдек, синоптик Москвадаги кучли ёмғир ва момақалдироқлар интенсивлиги ҳар квадрат метрга 20 литр ёмғир суви тўғри келишини таъкидлаган.
Москвада ва Москва вилоятида кучли ёмғир ёғиши кеча, 14 июль куни бошланган. Ёмғир сабабли шаҳар кўчаларида транспорт ҳаракати издан чиққан. Масалан, Живописная кўчасида электр тармоғи тизимига дарахт шикаст етказиши туфайли 28 ва 31-сонли трамвайлар ҳаракати кечиккан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Техас штатидаги Гваделупа дарёсининг тошиши оқибатида юз берган кучли тошқинларда ҳозиргача камида 129 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси