Россияда қолаётган ўзбекистонликлар қачон Ватанга қайтарилади? Москвадаги элчихона вакили билан суҳбат
Интервью
−
08 Сентябрь 2020
10065Маълумки, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат аниқлангандан сўнг, мамлакатда ҳаво ва қуруқлик, шунингдек темир йўл ташувлари тўхтатилди. Шунга қарамай, Қозоғистон, Жанубий Корея, БАА, Туркия, Украина, Қирғизистон, АҚШ, Россия каби мамлакатлардан минглаб фуқаролар Ватанга қайтарилди.
Ўтган олти ой давомида чегараларда қолиб кетган ўзбекистонликлар ҳақида бир неча хабарлар эълон қилинди. Уларга Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консулликлари томонидан зудлик билан ёрдам кўрсатилди.
Масалага атрофлича эътибор қаратсак, албатта, Ўзбекистон ўз фуқароларининг саломатлиги ва дахсизлигига, уларнинг узоқ ўлкаларда сарсон бўлмаслигига масъул. Аммо бошқа тарафдан уларни олиб келиш фақат Тошкентнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ эмас. Иккинчи тарафдаги вазият, эпидемиологик ҳолат ва ҳаво, қуруқлик ҳамда темир йўл ташувларига рухсат, ўзаро келишув бунда муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистонда жорий йилнинг 15 августидан бошлаб карантин чекловлари юмшатилди. Беш мамлакат билан халқаро парвозлар тикланди. Маҳаллий темир йўл қатновлари йўлга қўйилди. Айни вақтда халқаро мунтазам темир йўл қатновини йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда.
Кеча, 7 сентябрь куни хабар берганимиздек, Россиянинг Ростов вилояти Первомайск туманидаги вокзалда 3 мингга яқин ўзбекистонликлар тўпланган. Улар расмий Тошкентга мурожаат қилиб, оч ва юпун вокзал ҳовлисида қолаётганларини айтишган. Ҳолат юзасидан зудлик билан чоралар кўрилди. Бугун, 8 сентябрь куни Ростовдан Тошкентга поезд йўлга қўйилиши белгиланди.
QALAMPIR.UZ Росссиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси расмий вакили Шахриёр Турғунбоев билан суҳбатлашди.
QALAMPIR.UZ: — Шахриёр Абдуқаюмович, айтингчи, бугунги кунда Россиядаги ватандошлар билан боғлиқ вазият қандай? Элчихона уларни Ўзбекистонга қайтариш борасида қандай ишларни амалга оширмоқда?
Шахриёр Турғунбоев, элчихона вакили: — Коронавирус пандемияси бошлангандан буён ўтган давр мобайнида Ўзбекистон чет давлатларда, хусусан, Россияда қолиб кетган ва/ёки оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам бериш, уларни Ватанимизга қайтариш бўйича тизимли ишларни олиб бормоқда. Бу мақсадда Россия пойтахти Москва ва бошқа йирик шаҳарларидан чартер рейслари, поездлар ташкиллаштирилмоқда. Хусусан, март ойидан бошлаб бугунги кунга қадар Россиянинг турли ҳудудларидан турли транспорт воситалари орқали 38 531 нафар ўзбекистонлик Ватанимизга қайтарилди. 3 338 та оилага озиқ-овқат тўпламлари етказиб берилди. 4 000 дан ортиқ ўзбекистонлик талабага озиқ-овқат етказиб берилди. 3 нафар фуқаромизнинг Россия тиббиёт муассасаларида даволаниш харажатлари тўлаб берилди.
2020 йил 14 майдан буён “Меҳр” хайрия лойиҳаси амалга оширилиб, унинг доирасида оғир аҳволда қолган 8 152 нафар Ўзбекистон фуқаросига 57 миллион 348 454 рубль миқдорида бир марталик моддий ёрдам тўлаб берилди. 606 нафар ватандошимиз хостелларга жойлаштирилиб, уларнинг яшаши ва овқатланиши ҳақи тўлаб берилди.
QALAMPIR.UZ: — Сиз айтганингиздек, элчихона барча чораларни кўраётган бўлса, нега фуқаролар чегараларда тўпланяпти? Нега вокзал, аэропортларга бориб оляпти?
Ш.Т.: — Расмий каналларимиз орқали Россияда бўлиб турган фуқароларимизни ижтимой тармоқларда тарқатилаётган чегаралар очилиши ҳақидаги ёлғон хабарларга ишонмасликларини сўраб бир неча маротаба мурожаат қилдик. Айрим виждонсиз таксичилар ватандошларимизнинг ишончини суистеъмол қилган ҳолда чегарагача трансфер хизматлари ҳақидаги эълонларни ижтимоий тармоқларда ва оммабоп мессенжерлардаги турли гуруҳ ва каналларда тарқатаётгани ҳақида ҳам огоҳлантирдик. Виждонсиз "ташувчилар" одамлар соғлиғини хавф остига қўйиб, уларни вазият қурбонига айлантириб, чегарагача ёки темир йўл вокзалигача олиб бориб қўйишни ўзига хос "бизнес"га айлантириб олган.
Афсуски, барча огоҳлартиришларга қарамасдан, Россиянинг турли ҳудудларида, яқин-яқингача Оренбург ва Самара областларида, энди эса Ростов областида фуқароларимизнинг тўпланиши кузатилмоқда. Уларнинг вазиятини ва Ватанга қайтиш истагини тўла тушунган ҳолда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси шароитида кўп сонли фуқароларнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай вазият, айниқса, ёши катта, ногирон, доимий касаллиги бор инсонлар, ҳомиладор аёллар учун ниҳоятда хавфлидир. Фуқароларимиз билан учрашувлар чоғида биз уларга, чегаралар очилгунга қадар ишлаб туриш учун муносиб тўлови, яшаш жойи ва овқати билан таъминланган бир неча минг вакансиялар, бепул яшаш жойи (овқатланиш билан) таклиф қилдик. Лекин ушбу имкониятлардан фақатгина саноқли кишилар фойдаланишди, аксарият фуқаролар тўпланган жойларда кутишни афзал кўришди.
Қувонарлиси, Ўзбекистон фуқаролари тўпланган ҳудудлардан махсус поездлар ташкил қилиниб, улар орқали ватандошларимиз босқичма-босқич республикага қайтарилмоқда. Оренбург ва Самара областларидан, Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округларидан ташкил этилган поездлар ҳақидаги ахборотлар кўплаб ОАВ, шу жумладан, QALAMPIR.UZ сайтида ҳам кенг ёритилди. QALAMPIR.UZ сайтида жойлаштирилган видеода акс этган Первомайская темир йўл станциясидан 23 август куни поезд орқали 927 ватандошимиз Ўзбекистонга қайтарилган эди.
QALAMPIR.UZ: — Кеча сайтимизда Ростовдаги вокзалда 3 мингга яқин ўзбекистонлик қолиб кетаётгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур масалани ҳал этиш, уларни Ватанга қайтариш бўйича амалий ҳаракатлар бошландими?
Ш.Т.: — Сўнгги кунларда ушбу станцияда кузатилаётган вазият Ўзбекистоннинг Москвадаги Элчихонаси ва Россия ҳудудларидаги тегишли Бош консулхоналари томонидан назоратга олинган ва юзага келган муаммони ҳал қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Фуқароларимизга мурожаат қилиб, шуни айтар эдикки, сўнгги вақтларда Россияда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарорлашди. Олдин жорий этилган чеклов чоралари бекор қилинмоқда, саноат корхоналари, савдо объектлари ва бошқа ташкилотлар ишга тушмоқда, демак янги иш ўринлари ҳам пайдо бўлмоқда.
Мураккаб шароитда фуқароларимиз ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда шубҳали манбалардан тарқатилаётган ёлғон хабарларга ишонмасдан, чегара ҳудудлари ёки темир йўл станцияларига бормасдан, хотиржамликни сақлашларини сўраб қолар эдик. Биз, ўз томонимиздан, ватандошларимизни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш учун қонун ва имкониятларимиз доирасидаги барча ишларни қилмоқдамиз.
QALAMPIR.UZ: — Гапларингиздан масаланинг одамларга нотаниш бўлган иккинчи тарафлари борлиги кўриниб турибди. Албатта, пандемия айрим “уддабурон”ларга қўл келди. Улар одамларнинг касаллиги, ночорлиги ва ўзга мамлакатда ишсиз ва уйсиз, камига даромадсиз қолиб кетганидан ўз мақсадида фойдаланиб қолмоқда. Сиз Россияда шундай муаммога дуч келаётган ўзбекистонликларга нима деган бўлар эдингиз?
Ш.Т.: — Турли асосли сабабларга кўра, (оилавий, саломатлик билан боғлиқ муаммолар) Ватанимизга қайтиши шарт бўлган фуқароларимиздан Ўзбекистоннинг Москвадаги Элчихонаси Консуллик бўлими ва Россия ҳудудларидаги Ўзбекистон Бош консулхоналари олиб бораётган рўйхатларга ёзилиб ўз навбатини кутиб туришларини сўраймиз. Шуни ёдда тутингки, одамлар кўп тўпланган ҳар қандай жой қисқа муддатда вирус ва касалланиш манбаига айланади. Шундай экан, ўзингиз, яқинларингиз ва бошқаларнинг соғлигини хавф остига қўйманг.
LiveБарчаси