Россияда ишлаётган юзга яқин мигрант “военкомат”га олиб кетилди

Олам

image

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги сабзавот омборида ишлаётган юз нафарга яқин Россия паспортига эга муҳожирлар ҳарбий рўйхатга олиш идораси (военкомат)га олиб кетилди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берди.

Қайд этилишича, Санкт-Петербург полицияси “София” сабзавот базасида икки кунлик рейд тадбири ўтказган. У ерда хавфсизлик кучлари мамлакат паспортига эга, бироқ ҳарбий рўйхатга олинмаган 100 нафарга яқин муҳожирни қўлга олган. 

Текширув давомида жами 400 нафарга яқин чет эл фуқароси аниқланган, улардан 55 нафари миграция қонунчилигини бузган ҳолда, Россия ҳудудида фаолият олиб бораётган бўлган. Шунингдек, бир нафар мигрант сохта ҳужжатларни тақдим этган, шу сабабли унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. 

Рейдлар давомида Россия паспортига эга бўлган шахсларни ҳарбий рўйхатга олиш бўлимларига жўнатиш полиция томонидан миграция қонунчилигига риоя этилишини текширишнинг “янги варианти” деб аталган. Қўлга олинган шахсларга ҳарбий хизмат конституциявий мажбурият экани уқтирилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Путинга муҳожирлар устидан шикоят қилган эди. У бу борадаги қонунчиликни кучайтиришни таклиф қилди ва акс ҳолда “мигрантларнинг маҳаллий можаролари оммавий кўча тартибсизликларига айланиб кетиши”дан огоҳлантирди. Улар орасида ўзбек мигрантлари алоҳида эслаб ўтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрант военкомат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг