Россияда имо-ишора тилининг халқаро луғати блокланди
Олам
−
04 Март
4403Роскомнадзор “Spread The Sign” дунё имо-ишора тилларининг халқаро луғатига киришни чеклади. Бу ҳақда "Lenta.ru" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, луғат веб-сайтида "Биринчи канал"нинг собиқ муҳаррири Марина Овсянникованинг урушга қарши плакат билан янгиликлар дастурининг жонли эфири пайтида югуриб чиққан кадри жойлаштирилган. Ўтган йилнинг октябрь ойида Овсянникова россиялик ҳарбийлар ҳақида сохта хабар тарқатганликда айбланиб, сиртдан саккиз ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Бундан ташқари, тил сайтининг асосий саҳифасида рус ва инглиз тилларида "Урушни тўхтатинг!" ёзуви билан Украина байроғи тасвири мавжуд.
Маълумот учун, луғат 2006 йилда яратилган бўлиб, унда фақат олтита имо-ишора мавжуд эди. Айни пайтда, у 31 та тилни танлаш имкониятини тақдим этиб, биргина рус тилида 400 мингдан ортиқ имо-ишораларни ўз ичига олади. Таъкидлаш жоизки, “Spread The Sign” компанияси Европа имо-ишора тили маркази (Швеция) нотижорат уюшмаси томонидан бошқарилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда Украина билан ҳарбий низо бошланганидан кейин 3000 дан ортиқ интернет-сайт – янгиликлар нашрлари, ижтимоий тармоқлар, жамоат ташкилотлари, савдо ва IT компаниялар блокланганди.
Мадина Отабоева
LiveБарчаси