Россияда эркакларга айрим шартлар эвазига кўпхотинликка рухсат берилди

Олам

image

Россияда мусулмон эркаклар ўз аёлларига нисбатан адолатли ва тенг муносабатда бўлиш шарти билан 4 тагача шаръий никоҳ тузиши мумкин. Бу ҳақда Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармасининг Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган “Россия мусулмон жамоасида кўп хотинлилик масаласи” номли фатвога таяниб, ТАСС хабар берди.

“Кўп хотинлилик жоиз бўлишининг асосий шарти – эрнинг барча хотинларига нисбатан адолатли ва тенг муносабатда бўлишидир. Бу муносабатлар қуйидагиларда намоён бўлади: барча хотинларни тенг моддий таъминлаш; ҳар бир хотин учун алоҳида уй-жой тақдим этиш; эрнинг ўз навбатини улар билан олдиндан келишилган тартибда бир хил вақт ўтказиши”, дейилади ҳужжатда.

Ушбу шартлар бажарилмаса, эркакка бир нечта хотин олишга рухсат берилмайди. Аммо баъзи ҳолларда агар хотинлардан бири юқорида кўрсатилган ҳуқуқларидан ихтиёрий равишда воз кечса, истиснолар бўлиши мумкин.

Лекин, уламолар кенгаши эркакнинг бошқа аёл билан никоҳдан ўтишини айрим ҳоллардагина мумкин деб ҳисоблайди. Жумладан, биринчи хотиннинг соғлиғи сабабли фарзанд кўра олмаслиги, репродуктив ёшни тугатганлиги ёки фарзанд кўришни истамаслиги. Шунингдек, янги никоҳ учун асос сифатида ёлғиз аёл ва унинг болаларига ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш истаги ёки эр-хотин ўртасида жинсий мосликнинг йўқлиги келтирилган.

Бундан ташқари, турмуш қурган эркак иккинчи хотинига ўзининг оиласи борлигини хабар қилиши шарт. Биринчи хотинига эса янги никоҳ ҳақида хабар бериш мақсадга мувофиқ. Фатвода таъкидланишича, агар янги хотин эрнинг олдинги никоҳи ҳақида хабардор қилинмаган ва буни қабул қилишни истамаса, у ўз никоҳини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.

Шу билан бирга, уламолар кенгаши замонавий Россия қонунчилиги фақат давлат органларида расмийлаштирилган ягона никоҳни тан олишини эслатган. Шунинг учун “фақатгина шаръий никоҳда бўлган аёлларнинг ҳуқуқлари ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланмаган”.

Россия мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши раиси ўринбосари ва Москва муфтийси Илдар Аляутдиновнинг айтишича, эркак янги диний никоҳга киргач, барча болаларни асраб олиши, шунингдек, нотариус томонидан тузилган васиятнома ҳам бўлиши керак.
Россиянинг Оила кодексига кўра, камида биттаси бошқа рўйхатдан ўтган никоҳда бўлган шахслар ўртасида никоҳни рўйхатдан ўтказиш мумкин эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия кўпхотинлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг