Россияда 5 ўзбекистонлик ёниб кетган ферма эгасига жиноий иш қўзғатилди
Олам
−
27 Декабрь
6919Россиянинг Удмуртия Республикаси собиқ қишлоқ хўжалиги вазирининг қизи Елена Собинага нисбатан Малореченск қишлоғидаги мигрант ишчилар яшаган ётоқхонада юз берган ёнғин сабаб жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда “Бизнес Online” хабар берди.
“Умид қиламанки, тергов адолатли ва холисона ўтади, ишнинг барча тафсилотларини кўриб чиқади. Биз жабрланганларга ёрдам кўрсатдик, терговдан яширинмоқчи эмасмиз”, деди Собина.
Елена Собинага нисбатан “хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш”, “совуққонлик”, “ноқонуний миграцияни ташкил қилиш” ва “ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш” моддалари билан жиноий иш очилган. Лекин Елена айбига иқрор бўлмаган. Бундан ташқари, “Мир” компанияси директори Владимир Чайка ҳам ушланган.
Суд ҳукми билан у 2025 йилнинг 24 февралига қадар уй қамоғига олинган. Унинг адвокати Раҳим Байрамовга кўра, ҳалок бўлганларнинг уч нафар яқинига 1,5 миллион рубль миқдорида компенсация тўланган (фақат битта киши расмий равишда жабрланувчи деб тан олинган). Қолганларга эса Ғарб санкциялари туфайли ҳали банк орқали пул ўтказмалари амалга оширилмаган. Адвокатнинг қўшимча қилишича, Собина ўз хоҳиши билан терговчиларга мурожаат қилган.
Терговнинг дастлабки версиясига кўра, 2023 йилда фермер хўжалиги раҳбари ишчиларни жойлаштириш учун қишлоқдаги нотурар бинони ижарага олган. Шу билан бирга ферма бош директори бинони нормал ҳолатда ишлатиш учун зарур шароитларни таъминлаши, фермер хўжалиги раҳбари эса ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиши керак бўлган. Аммо бу талабларнинг ҳеч бири бажарилмаган. Хусусан, объектда туну кун навбатчилик ташкил этилмагани, автоматик ёнғин сигнализацияси тизими, хабардор қилиш ва эвакуацияни бошқариш тизимлари мавжуд бўлмагани аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, ёнғин жорий йилнинг 24 декабрь куни тахминан соат 03:00 да “Мир” компаниясига қарашли фермер хўжалиги ишчилари учун мўлжалланган ётоқхонада юз берган. Ёнғинда 300 квадрат метр майдон ёниб кетган. Фожиада ушбу уйда яшаган 39 кишидан 33 нафари омон қолган. Ҳалок бўлганлар орасида беш нафар Ўзбекистон фуқароси ва бир нафар Удмуртия аҳолиси бўлган. Кейинроқ ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг шахси аниқланди ва уларнинг 48 ёшли А.Б., 59 ёшли Х.Х., 54 ёшли Ж.У., 29 ёшли Б.Н. ва 22 ёшли С.Д. экани маълум бўлди.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь