Россия ЖСТдан чиқди
Олам
−
11 Июнь 2022
20187Россия Федерацияси Жаҳон сайёҳлик ташкилотидан чиқди. Мамлакат ҳукумати Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли таклифини маъқуллади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Россия Федерациясининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги федерал қонуннинг 36-моддасига мувофиқ, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг манфаатдор федерал ижроия органлари билан келишилган Россия Федерациясининг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти таркибидан чиқиши тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин”, дейилади ҳужжатда.
27 апрель куни Россия фаолияти сиёсийлаштирилгани сабабли Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЖСТ) таркибидан чиқиш нияти борлигини маълум қилганди. Шу куни ЖСТ Бош Ассамблеяси навбатдан ташқари йиғилиш чоғида “Украинада давом этаётган ҳарбий ҳужумлар муносабати билан” Россиянинг ташкилотга аъзолигини тўхтатишга қарор қилди. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова бу қарорни “сиёсий иккиюзламачилик намунаси” деб атади ва Ғарб давлатлари бу ташкилотдан ўз манфаатлари йўлида, жумладан, Россия Федерациясини камситиш мақсадида фойдаланаётганини таъкидлади.
Россия СССРнинг ҳуқуқий вориси сифатида 1991 йилдан бери ЖСТда иштирок этиб келади.
LiveБарчаси