Россия яна Одессадаги портга ҳужум қилди

Олам 19555
image

Россия Қуролли кучлари аниқ бошқариладиган ракеталар билан Одессадаги кемасозлик заводи ҳудудига ҳужум қилиб, док (кемаларни таъмирлаш учун порт объекти – таҳр.)даги кемани ва АҚШдан етказиб берилган Harpoon ракеталари омборини йўқ қилди. Бу ҳақда бугун, 24 июль куни Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-лейтенант Игорь Конашенков маълум қилди. 

“Одесса денгиз портида, кемасозлик заводи ҳудудида денгизда жойлашган юқори аниқликдаги узоқ масофали ракеталар докдаги Украина ҳарбий кемасини ва АҚШ томонидан Киев режимига етказиб берилган “Ҳарпун” кемага қарши ракеталари омборини йўқ қилди”, дейди Конашенков. 

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакилининг сўзларига кўра, Украина ҳарбий-денгиз кучларининг кема таркибини таъмирлаш ва модернизация қилиш корхонасининг ишлаб чиқариш қувватлари ишдан чиқарилган. 

“Махсус ҳарбий операция бошланганидан буён жами 260 та самолёт, 144 та вертолёт, 1605 та учувчисиз учиш аппарати, 357 та зенит-ракета мажмуаси, 4156 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техника, 763 та ялпи ракета отиш мосламаси, 3196 та дала артиллерия ва миномётлари, шунингдек, 4457 та махсус ҳарбий техника йўқ қилинди”, дейди Конашенков.

Эслатиб ўтамиз, Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуришидир, деб баҳолади.

Маълумот учун, 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар ва Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Истанбулда тузилган шартномалар Одесса, Черноморск ва Южний портларидан дон экспортини бошлашни назарда тутади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 446
Рейтинг: 3
t
×