Россия ядровий шартнома бўйича таклифига АҚШдан жавоб кутмоқда
Олам
−
30 Январь 5638 2 дақиқа
Россиянинг Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш тўғрисидаги шартнома – “Янги СТАРТ” доирасида жорий этилган чекловларни бир йилга узайтириш ташаббусига АҚШ томонидан расмий жавоб берилмади. Айни пайтда “Янги СТАРТ” Россия ва АҚШ ўртасида амал қилиб келаётган ядровий қуроллар устидан назоратга оид ягона шартнома ҳисобланади. Бу ҳақда бугун, 30 январь куни “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Россия Президенти Путин 2025 йилнинг сентябрь ойида “Янги СТАРТ” шартномасини яна бир йил давомида узайтиришни таклиф қилган. АҚШ Президенти Дональд Трамп шартнома тугашига бир неча кун қолган бўлса-да, ҳали бу таклифга расман жавоб бермади.
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев “Янги СТАРТ” шартномаси жорий йилнинг 5 февраль куни ўз кучини йўқотишини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, агар келишув муддати узайтирилмаса, ядровий қуролларни чеклаш ва назорат қилиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқий тизимда жиддий бўшлиқ юзага келиши мумкин. Бу эса глобал стратегик барқарорликка салбий таъсир кўрсатади.
“Россия ташаббусини амалга ошириш глобал хавфсизликни мустаҳкамлаш ва Қўшма Штатлар билан стратегик мулоқотни кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин. Бироқ, ҳозирга қадар Вашингтондан таклифимизга асосли расмий жавоб олмадик”, деди Медведев.
Медведевнинг эслатишича, Россия 2023 йилда шартномадаги иштирокини тўхтатишга мажбур бўлган. Москва бу қарор келишувнинг мазмуни билан эмас, балки АҚШ томони унинг қоидаларига риоя қилишда масъулиятсизликка йўл қўйгани билан изоҳлаган.
Маълумот учун, “Янги СТАРТ” шартномаси 2010 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Барак Обама ва Россия Президенти Дмитрий Медведев томонидан имзоланган. Келишув икки давлат ўртасида стратегик ҳужум қуролларини чеклашни назарда тутиб, ядровий можаро хавфини камайтиришга қаратилган.
Шартнома шартларига кўра, ҳар бир томон жойлаштириши мумкин бўлган стратегик ядровий жанговар каллаклар сони 1550 тадан ошмаслиги, уларни етказиб беришга мўлжалланган баллистик ракеталар ва стратегик бомбардимончи самолётлар сони эса 700 бирлик билан чекланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва АҚШнинг Россия империясининг қарзини тўлаш талабига жавоб бергани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси