Россия ва Ўзбекистон Афғонистон бўйича жуда яқин позицияга эга – Лавров
Жамият
−
29 Июль 2022
12166Россия ва Ўзбекистон Афғонистондаги мавжуд воқеликни тан олиш ҳамда ҳозирги раҳбарият билан шу ҳақиқатларга асосланиб ишлаш кераклиги борасида жуда яқин позицияга эга. Бу ҳақда ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Лавровга кўра, у Ўзбекистон раҳбари билан икки мамлакат ҳамкорлик қилаётган барча асосий йўналишларни муҳокама қилган. Дипломатнинг таъкидлашича, уларнинг барчаси 2021 йилда Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев эришган келишувларга тааллуқлидир.
“Ушбу келишувлар савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий ҳамкорлик, замонавий шароитда савдо ва бошқа иқтисодий алоқаларга хизмат кўрсатишга ижодий ёндашиш заруриятидан тортиб, таълимгача бўлган барча соҳаларни қамраб олади”, деб тушунтирган Сергей Лавров.
Музокараларда кўп вақт сентябрга режалаштирилган ШҲТ саммитига бағишланди. Яна бир муҳим мавзу бу — Aфғонистон.
“Ўзбек дўстларимиз билан Афғонистондаги мавжуд воқеликни тан олиш ва ҳозирги раҳбарият билан шу ҳақиқатларга асосланиб ишлаш кераклиги борасида жуда яқин позицияга эгамиз”, дейди Лавров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июль куни Сергей Лавров Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.
Кеча, 28 июль куни эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сергей Лавров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Шундан сўнг, Лавров Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов билан музокаралар ўтказди.
LiveБарчаси