Россия ва Украина янги маҳбуслар алмашинуви бўйича келишувга эришди
Олам
−
11 Январь 2023
7088Россия ва Украина Омбудсманлари 40 нафар россиялик ва 40 нафар украиналикни асирликдан қайтариш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда бугун, 11 январь куни журналистларга Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Татьяна Москалькова Анқарада бўлиб ўтаётган “21-асрда инсон ҳуқуқлари келажаги” халқаро конференцияси доирасида маълум қилди.
“Аввалроқ биз [Дмитрий] Лубинец (Украина Омбудсмани) билан ўзаро озод қилиш сўралган маҳбуслар рўйхатини алмашган эдик. Рўйхатларимиз бўйича биз Россия томонидан 40 дан ортиқ, Украина томонидан эса 40 дан ортиқ одамни қайтаришга муваффақ бўлдик”, дейди Москалькова Туркиядаги украиналик ҳамкасби билан учрашув якунлари бўйича.
Россия ва Украина ўртасида давом этаётган можаро туфайли дипломатик алоқалар йўқлиги сабабли, омбудсманлар орқали ҳам музокаралар олиб борилмоқда, дея тушунтирди у.
Москалькованинг айтишича, Лубинец билан учрашувда 10 та масала, жумладан, одамларга пенсия олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тиклашда ўзаро ёрдам кўрсатиш масаласи муҳокама қилинган.
Россия Омбудсманининг сўзларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар сабаб иш стажлари архивлари ҳамма жойда сақланиб қолмаган.
“Мен ушбу ҳужжатларни тиклашда ёрдам сўраганларнинг аниқ маълумотларини, аниқ исмларини айтдим”, дейди Омбудсман.
Россия Федерациясидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Татьяна Москалькова ҳам Украина Омбудсманидан Россиядаги қариндошлариникига боришни истаган Украина фуқароларига ёрдам беришни сўраганини маълум қилди.
“Шунингдек, мен Дмитрий Лубенцдан Россиядаги қариндошлариникига боришни хоҳловчи Украина фуқароларига ёрдам кўрсатиш имкониятини кўриб чиқишни сўрадим”, дейди у.
Россия Омбудсманининг қайд этишича, Анқарадаги учрашувда Қизил Хоч фаолиятини фаоллаштириш зарурлиги ҳам муҳокама қилинган.
“Биз [Лубинец] ҳарбий асирларни зиёрат қилиш ва қариндошларига хатлар билан таъминлашда ёрдам бера оладиган Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ишини фаоллаштириш зарурлиги ҳақида ҳам гаплашдик. Қизил Хоч Омбудсманларнинг илтимосига биноан тиббий ёрдам кўрсатиши жуда муҳим”, дея қўшимча қилди Москалькова.
Унинг сўзларига кўра, ярадорларга ёрдам бериш, асирларни алмашиш ва тинч аҳолини қайтариш каби мавзулар муҳокама қилинмоқда.
“Вазиятга қараб гуманитар коридорлар яратилиши мумкин. Уларни яратиш масаласи икки давлат ҳарбий вазирликларининг вазифасидир. Бу йўлакларсиз биз ўз ваколатларимиз доирасида аниқ шахсларга ёрдам бериш имкониятига эгамиз”, дейди Омбудсман.
“Ярадорлар ва алмаштирилганлар Туркияга кела оладими?” деган саволга. Москалькова, “Ҳозирда Туркия бу борада энг муносиб жойлардан бири. Шунинг учун Туркия орқали одамлар бошқа давлатларга саёҳат қилишлари мумкин”, дея жавоб қатурган.
11-12 январь кунлари Туркия пойтахтида омбудсманларнинг “21-асрда инсон ҳуқуқлари келажаги” мавзусидаги халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда, унда 41 давлат вакиллари иштирок этмоқда. Москалькова аллақачон Лубинец ва туркиялик ҳамкасби Шариф Малкўч иштирокида уч томонлама учрашув ўтказган.
LiveБарчаси