Россия ва Украина бир-бирига юзлаб дронлар билан ҳужум қилди
World
−
16:00 743 2 minutes
Бугун, 22 октябрь куни Украина ва Россия ўзаро дрон ва ракета ҳужумларини амалга оширди. Ҳужумлар оқибатида Украинада камида етти киши, Россиянинг Белгород вилоятида эса бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Қайд этилишича, Москва мэри Сергей Собянин бир кеча давомида Москва вилояти осмонида 630 та Украина дрони аниқланганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, улардан 163 таси бевосита Москва томон йўналганида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган. Москванинг жануби-ғарбида жойлашган Вороново туманида икки киши жароҳатланган.
Шунингдек, пойтахт жанубида портлаш ва ёнғин содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган. “Astra” гувоҳлар тасвирга олган видеолар асосида Серпухов шаҳридаги Россия Мудофаа вазирлигининг Бош ракета-артиллерия бошқармасига қарашли сақлаш ва логистика объектига зарба берилганини билдирган. Бироқ “The Moscow Times” бу маълумотни мустақил равишда тасдиқлай олмаган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса 21 октябрдан кундан 21 октябрга ўтар кечаси мамлакат ҳудудлари ва аннексия қилинган Қрим осмонида Украинага тегишли 808 та дрон уриб туширилганини даъво қилган.
Украинада Россия ҳужумлари оқибатида Запорожье вилоятида уч, Донецк вилоятида икки, Сумида бир киши ва Харьков вилоятида бир аёл ҳалок бўлган. Россия ҳудудларида ҳам жароҳатланиш ва инфратузилмага зарар етиши ҳолатлари қайд этилган.
Ўзаро ҳужумлар АҚШнинг Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларини қайта бошлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари фонида юз берди. АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф Санкт-Петербургда Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб, уч томонлама тинчлик музокараларини тиклаш масаласини муҳокама қилганди.
Украина Президенти Владимир Зеленский Киев АҚШнинг Вашингтон, Москва ва Киев иштирокидаги музокаралар ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирган. Кремль эса Путин АҚШ воситачилигидаги музокараларни келаси ойдаёқ қайта бошлашга рози бўлганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 22 октябрга ўтар кечаси Россия қўшинларининг Киевга баллистик ракеталар билан берган зарбаси оқибатида 1 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.