Россия Хитой билан поезд қатновини тўхтатди

Жамият 2136
image

Бугун, 3 февраль куни Россия коронавирус эпидемияси борган сари хавфли тус олаётгани сабабли Хитой билан йўловчи поездлари қатновини вақтинча тўхтатди.

Бундан ташқари Россия Мўғулистон билан чегарадаги алоҳида ўтказиш пунктларидан Хитой фуқароларининг ўтишини ҳам тақиқлаб қўйган.

Бугундан бошлаб КХДР ҳам Хитой билан йўловчи поезд қатновини тўхтатиб қўйди.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.

Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 362 нафарга, у билан касалланганлар сони 17205 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 59
Рейтинг: 2.9
t
×