Россия ва беларуслик спортчилар Осиё ўйинларида қатнашади
Олам
−
08 Июль 2023
5272Россия ва Беларусь спортчиларига жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари мусобақаларида қатнашишга рухсат берилди. Бу ҳақда “Inside The Game” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур мусобақаларда Россия ва Беларусдан 500 нафаргача спортчи қатнашиши юзасидан келишиб олинган. Шунингдек, 2024 йилда Парижда ўтказиладиган Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган 31 спорт турининг бошқарув органлари ушбу икки мамлакат спортчиларининг мусобақаларда қатнашиш-қатнашмаслиги бўйича қарор қабул қилиши белгиланган.
Жорий йилнинг 23 сентябридан 8 октябрига қадар бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари мусобақасида Россия ва Беларусь спортчилари нейтрал байроқ остида қатнашиши, ҳеч бир миллий рамзларга йўл қўйилмаслиги ҳамда россиялик ва беларуслик спортчилар беллашувларда ғолиб бўлган тақдирда уларга медаль берилмаслиги маълум қилинган.
Икки давлат спортчиларига бундай имконият берилаётганига сабаб уларга 2024 йилги Париж олимпиадасида иштирок этиши учун махсус стандартларни бажариш имкониятини беришдан иборат.
Осиё ўйинларининг жамоавий спорт турлари бўйича мусобақаларига Россия ва Беларусь спортчиларининг таклиф қилиниши ҳозирча аниқ эмас. Шунингдек, бундай имконият бокс сингари қитъавий квоталар мавжуд бўлган спорт турларига қандай шаклда жорий қилиниши ҳам очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Россия ва Беларусь спортчилари халқаро мусобақалардан четда қолмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь