Россия ўзбекистонлик мигрантлар уйига жўнатган пулга солиқ солиши мумкин
Олам
−
07 Февраль
7950Россияда мигрантларнинг ўз ватанига пул ўтказгани учун 3 фоизлик солиқ жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда Россия Давлат думасидаги “Справедливая Россия — За правду” фракцияси раҳбари Сергей Миронов ўзининг Telegram-каналида ёзди.
Мироновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига солиқ солинганда ҳам бир йилда бюджетга 45 млрд рубль қолиши мумкин.
“Гап улкан маблағлар ҳақида кетмоқда. Россиядан фақат Ўзбекистон ва Қирғизистонга кетадиган маблағларни ҳисобга олсак ҳам, солиқнинг жорий этилиши бир йилда бюджетга 45 миллиард рубль жалб қилиш имконини беради”, деган у.
Унинг қўшимча қилишича, бошқа давлат фуқаролари бир йил ичида Россиядан 25 млрд долларни олиб қўймоқда.
“Ўрнини босмайдиган мутахассислар иқтисодиётимиздан ҳар йили олиб қўяётган маблағларнинг умумий миқдори қарийб 25 миллиард долларни ташкил этади”, деган депутат.
Мироновга кўра, ўтган йил давомида Россиядан Қирғизистон ва Ўзбекистонга 14 млрд доллардан ортиқ маблағ ўтказилган. Қолаверса, муҳожирларнинг катта қисми Россияда умуман солиқ тўламайди.
Қайд этилишича, Тожикистон фуқаролари ҳам ҳар йили ўз ватанига тахминан 5,7 млрд доллар ўтказмоқда. Унинг сўзларига кўра, муҳожирлар ўтказаётган пуллар Россия равнақи учун эмас, ўз мамлакатлари иқтисодиётини ривожлантириш учун йўналтирилмоқда.
Миронов бу борада қонунчилик ташаббусини тайёрлаб, Давлат думасига тақдим этишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги 2021 йилги президентлик сайловларида давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини илгари сурган “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров хорижда ишлаётган ўзбекистонликларни солиққа тортишни таклиф қилганди. Ўшанда у мамлакатнинг тараққиёти учун солиқларнинг ўрни жуда муҳим эканини айтган.
LiveБарчаси