Россия Ўзбекистонга янги элчи юборди
Жамият
−
12 Апрель 2021
5191Бугун, 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия Федерациясининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Олег Малгиновни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ТИВ раҳбари ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилганидан сўнг, элчини Ўзбекистонда фаолият бошлаши билан табриклаб, унга юксак ва масъулиятли лавозимда муваффақиятлар тилаган.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.
Хабарга кўра, музокараларда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ҳам фикр алмашилган.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Россиянинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонасига элчи Владимир Тюрденев раҳбарлик қилган. Тюрденев жорий йилнинг март ойида Ўзбекистондаги 11 йиллик фаолиятига якун ясади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга Тюрденевнинг қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этиб, уни иззат-икромда кузатди.
LiveБарчаси