Россия ўрмонлари ёнғин ичида қолди

Олам

image

Россиянинг Свердловск, Қўрғон ва Тюмень вилоятларида ўрмон ёнғинлари авж олиб, маҳаллий аҳолига таҳдид солмоқда. Бу ҳақда “The Insider” нашри хабар берди.

Жорий йилнинг 6 май куни Свердловск вилояти Первомайск шаҳрида ўрмон ёнғинлари туфайли иккита кукун омбори портлаган. Ўшандан бери вазият сезиларли даражада ёмонлашган, аҳолини шаҳардан эвакуация қилиш бошланган.

Асбест шаҳрида эса 7,2 минг гектар майдонда ёнғинлар қайд этилган. Электр станцияси ва Водоканал объектларида содир бўлган авариялар туфайли аҳоли пунктида сув таъминоти ва электр энергияси йўқолган.

Ёнғинлардан чиққан тутун бошқа аҳоли пунктларига, жумладан, Екатеринбургга ҳам тарқалмоқда.

Фуқароларга деразаларни очмаслик, кўчада нафас олиш аппаратидан фойдаланиш тавсия этилган. Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев вазиятни ўта оғир деб тан олган ва ёрдам сўраб федерал марказга мурожаат қилган. Ҳозир вилоятдаги ўрмон ёнғинлари, жумладан, бошқа вилоятлардан келган кўнгиллилар томонидан ўчирилмоқда.

Қўрғон вилоятида ҳам вазият худди шундай. Қўрғон шаҳри тутун ичида қолиб, кўриш қийинлашган. Тюменга олиб борувчи автомагистрал тўсиб қўйилган, Иртиш шоссесининг бир қанча участкаларида ҳам ҳаракат тўхтатилган. Бир қанча қишлоқлар эвакуация қилинмоқда, Улдус қишлоғида аллақачон 20 га яқин уй ва мактаб ёниб кетган. Маълум қилинишича, ёнғинларни ўчиришга 700 киши ва 200 бирлик ўт ўчириш техникаси жалб этилган.

Тюмень вилоятидаги еттита аҳоли пунктида одамлар эвакуация қилинмоқда. Речкино қишлоғи ва Богандинский қишлоғида уйлар ва тегирмон ёниб кетган. Минтақада фавқулодда ҳолат жорий этилган. Вилоят губернатори Александр Мурнинг сўзларига кўра, кундан-кунга янги ёнғинлар кўпайиб бормоқда, айни пайтда қуруқ ва шамолли об-ҳаво вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Маълумот ўрнида, Россия учун ўрмон ёнғинлари янгилик эмас. Мамлакатда  ҳар ёз ўрмонлар ёнади. Мамлакатда аҳоли яшамайдиган ҳудудлардаги ўрмон ёнғинлари учун "назорат зонаси" тушунчаси мавжуд бўлиб, ундан ташқарида уларни ўчиришга ҳаракат қилинмайди. Сўнгги йилларда давлат уларни қисқартириш кераклигини айтиб, бунинг учун пул ажратмоқда. Федерал ўрмон хўжалиги агентлиги февраль ойида янги стандартларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ҳақида хабар бериб, "назорат зоналари" аллақачон "иложи борича қисқартирилган"лигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия ўрмон ёнғинлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг