Россия Украинага бир кечада 170 та дрон билан ҳужум қилди (видео)
Олам
−
14:55 1168 1 дақиқа
Россия 27 сентябрга ўтар кечаси Украинага 170 та дрон билан ҳужум қилди. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари Ҳаво қўшинлари Telegram-каналида хабар берилди.
Қайд этилишича, ҳужум кеча, 26-сентябрь куни соат 18:00 дан бошланган. Россия томонидан учирилган дронларнинг 76 таси реактив двигателли “Shahed” русумидаги учувчисиз учиш аппаратлари бўлган. Шунингдек, “Gerbera” дронлари ва “Parodiya” русумидаги чалғитувчи дронлардан фойдаланилган.
Маҳаллий ҳокимият вакиллари маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлган, яна 57 киши жароҳатланган.
Дронлар Россиянинг Орёл, Курск, Приморско-Ахтарск ва Шаталово ҳудудларидан, шунингдек, Россия босиб олган Донецк ҳамда Қримдаги Гвардейское ҳудудидан учирилган.
Ҳаво ҳужумини қайтаришда Украина мудофаа кучларининг ҳарбий авиацияси, зенит-ракета бўлинмалари, радиоэлектрон кураш бўлинмалари, учувчисиз тизимлар бўлинмалари ва мобил ўт очиш гуруҳлари иштирок этган.
Бугун, 27 сентябрь куни соат 07:30 ҳолатига кўра, 147 та дрон уриб туширилган ёки радиоэлектрон кураш воситалари орқали зарарсизлантирилган. Уриб туширилган аппаратлар қолдиқлари эса яна саккизта жойга тушган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия дронлари Киев вилоятининг Вишгород туманидаги 2-сонли Иванков лицейига ва Киевнинг Оболонь туманидаги болалар боғчасига зарба берган эди.
Live
Барчаси