Россия-Украина урушининг 62-кунида нималар бўлди?

Олам

image

Кеча, 26 апрель куни Россия Украинага ҳарбий юриш бошлаганига 62 кун тўлди. Қирғитбарот уруш билан ўтган яна бир кунда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Москвага ташриф буюрди, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Шу ва урушнинг 62-кунида содир бўлган бошқа мухим воқеа ва ҳодисалар тафсилотига қуйида тўхталиб ўтамиз.

Ҳарбий ҳаракатлар

Британия Мудофаа вазирлиги уруш бўйича баёнот бериб, Россия кучлари Украина шарқида украин армияси яхши мустаҳкамланган позицияларни қуршаб олишга уринаётганини айтди.

Украинанинг Харьков вилояти губернатори Олег Синегубов Россия Харьков вилоятини ўққа тутиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани ва тўққиз киши яраланганини айтди.

Шунингдек, Россиянинг Белгород вилоятидаги икки қишлоқ Украина томонидан ўққа тутилгани иддао қилинди. Вилоят губернатори камида икки киши яраланганини маълум қилди.

Украина расмийларига кўра, Россия кучлари Украинанинг Мариуполдаги асосий қўрғони бўлган, 1000 дан ортиқ тинч аҳоли бошпана топган “Азовсталь” пўлат заводидаги Украина позицияларига ҳаводан ҳужум уюштирди.

Украина инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Людмила Денисова Россия ҳарбийлари урушнинг ўтган даврида Донбаснинг Луганск қисмидаги 347 та соғлиқни сақлаш муассасасини вайрон қилиб, минглаб одамларнинг ҳаётига таҳдид солгани ҳақида баёнот берди.

Дипломатия, санкциялар ва ёрдам

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари Антониу Гутерриш Россия Президенти Владимир Путин ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокара ўтказиш учун Россияга борди.

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба БМТ раҳбарини қамалдаги Мариуполь портини эвакуация қилиш учун Россияга босим ўтказишга чақирди ва жаҳон ташкилоти эриша олишини айтди.

Қўшма Штатлар таклифига биноан 40 та давлат Германияда хавфсизлик бўйича саммит ўтказиши ва Украинага қурол етказиб бериш ҳамда уруш тугаганидан кейин мамлакатнинг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлашни муҳокама қилиши белгиланди.

Урушнинг 62-кунидаги муҳим баёнотларидан бири РФ Ташқи ишлар вазири Лавров томонидан билдирилди. У бутун дунёни ядро уруши хавфини эътиборсиз қолдирмасликка чақирди ва НАТОни Киевни қурол-яроғ билан таъминлаш орқали Россия билан “моҳиятан” уруш олиб бораётган деб ҳисоблашини айтди.

ТИВ раҳбари, шунингдек, Украина билан тинчлик музокаралари давом этишини айтди, бироқ Киевнинг музокараларга ёндашувини танқид қилди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса кеча, 26 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Туркия Президенти маъмуриятининг алоқа бўлими маълумотларига кўра, Эрдўған Путин билан суҳбатда Россия Федерацияси ва Украина ўртасида Истанбулдаги музокаралар чоғида юзага келган ижобий муносабатни сақлаб қолиш барча томонларнинг манфаатларига мос эканлигини айтган.

Буюк Британия Киевга Россия босқинига қарши курашда ёрдам бериш учун Москвага баъзи технологиялар экспортини тақиқлаш билан бирга, Украинадан товарлар импорт қилиш учун ўрнатилган барча тарифларни олиб ташлаганини айтди.

Европа Иттифоқининг жиноий адлия бўйича ҳамкорлик агентлиги Гаагадаги Халқаро жиноят суди Украинадаги уруш жиноятлари ҳақидаги даъволарни тергов қилиш бўйича қўшма гуруҳда иштирок этишини эълон қилди.

Урушдаги йўқотишлар

Украина ҳарбийлари берган маълумотга қараганда 24 февралдан 27 апрелгача Россиянинг 22 400 аскари урушда ҳалок бўлган.

Буюк Британия эса уруш бошланганидан буён 15 000 рус аскари ҳалок бўлганини тахмин қилмоқда.

Шу билан бирга БМТ 25 апрель ҳолатига 5 млн 264 минг украиналик Россия ҳужуми бошлангач, Украинани тарк этганини қайд этди.

Ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра уруш бошланганидан бери жами 2729  тинч аҳоли ўлдирилган (879 эркак, 595 аёл, 61 қиз ва 73 ўғил, шунингдек, жинси ҳали номаълум 67 бола ва 1054 катталар) ва 3111 нафари жароҳатланган (358 эркак, 289 аёл, 65 қиз ва 72 ўғил, шунингдек, жинси ҳали номаълум 162 бола ва 2165 катталар)
 

Камрон Кенжаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия – Украина уруши

Баҳолаганлар

213

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар