1 йил ўтди. Путин Зеленскийни “тавбасига таянтиролмади”

Таҳлил

image

Россиянинг Украинага бостириб кирганига жорий йилнинг 24 февраль куни бир йил тўлади. Бу можаро бошланганида кўпчилик, ҳатто Россиянинг ўзи ҳам Украинани бир неча ҳафта ичидаёқ “тавбасига таянтира олиши”га ишончи комил эди. Бироқ мана орадан бир йил ўтибдики, уруш ниҳоясидан дарак йўқ. Ўз ўрнида Украина ҳам умуман бўш келмаяпти.

Умумжаҳон иқтисодий тизимига катта зарар етказиб келаётган уруш – “махсус ҳарбий операция”, “нацизмга қарши кураш” каби шиорлар остида тинч аҳолини қириб ташлаш орқали намоён бўлмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йил 24 февралдан 2023 йил 15 февралгача бўлган давр мобайнида Украинада 8006 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 13 287 киши эса яраланган. Шунингдек, қурбонлар сони аслида анча кўп бўлиши мумкинлиги таъкидланди, бироқ барча маълумотлар ҳали расман тасдиқланмаган.

Россия ва Украина ўртасидаги можаро қанчадан-қанча талафотларга сабаб бўлаётганига қарамай, томонларнинг қатъий ҳужумкор руҳдаги ҳаракатини бостира олгани йўқ. Аслида кимнинг позицияси тўғри эканлиги борасида аниқ тўхтам бўлмасада, уруш бошланишига таъсир этувчи сабаблар талайгина.

QALAMPIR.UZ ушбу мақолада айнан ўша сабаблар, кўплаб инсонлар ҳаётини тубдан ўзгаришига олиб келган омилларни таҳлил қилади. 

Украина мустақил бўлгач, Россия билан алоқалари қандай эди?

1991 йил Совет Иттифоқи парчаланиши билан Украина ҳам бир неча давлатлар қаторида мустақилликка эришди. Бироқ баъзи жабҳаларда Россияга қарамлиги сақланиб қолди. Россия Президенти Владимир Путин Украина доимо Россиянинг бир бўлаги эканини, руслар ва украинлар алоҳида халқ эмаслигини бир неча бор очиқ такрорлаган.

Москва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва арзон газ таъминоти орқали Украинада ўз таъсирини сақлаб қолишга умид қилган. Аммо тахмин қилинганидан кўра бошқачароқ бўлди. Россия ва Беларусь ўртасида иттифоқ тузилди, Украина эса тобора кўпроқ Ғарбга суяна бошлади. Бу ҳолат Кремлни ғазаблантирди.

Украина СССРдан кучли армия ва дунёдаги учинчи йирик ядро арсеналини мерос қилиб олди. Собиқ Совет иттифоқидан қолган ракеталарни мерос қилиб олишни рад этди, уларни хавфсизлик кафолатлари (Будапешт меморандуми) ва иқтисодий ёрдам эвазига Россияга топширди. Ғарб Украинага жавоб бермаган ва уни ўз тузилмаларига қўшмоқчи бўлмаган давргача, Москванинг расмий Киевга муносабати хайрихоҳ бўлган. 1992 йилда Қора денгиз флоти патруль кемаси Украина байроғини кўтариб, Севастополдан Одессага жўнаб кетганида, ҳавода отишма бўлган воқеадан ташқари, дастлабки ўн йилликда улар ўртасида ҳеч қандай отишма ёки қуролли тўқнашув юз бермаган.

Совет Иттифоқи қулаганидан кейинги биринчи ўн йилликда Россия иқтисодий жиҳатдан заиф эди, чеченлар билан уруш эса кўплаб ресурсларнинг сарфланишига олиб келган. 1997 йилда Қора денгиз флотини бўлиш ва “Катта шартнома”ни имзолаш орқали Россия Федерацияси Украина чегараларини, шу жумладан, Қримни ҳам тан олди.

Сўнгги йиллар давомида Украина Европа Иттифоқи ва НАТО билан яқин алоқалар ўрнатишга эришди ва Россиянинг кўмагини рад этишни бошлади. Шубҳасиз, Россия бу ҳолатга жиддий қаршилик кўрсатди.

Владимир Путин Москва ва Киев ўртасидаги биринчи йирик инқирозни  бошлаб берди. 2003 йилнинг кузида Россия тўсатдан Керч бўғозида Украинанинг Тузла ороли томон тўғон қуришни бошлади. Киев бу ҳолатни чегараларни қайта тақсимлашга уриниш, деб қабул қилди. Можаро икки давлат Президентларининг ўзаро келишуви орқали бартараф этилди. Қурилиш тўхтатилди, аммо икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларига дарз кетди.

Украинада ички низоларнинг авж олиши. Януковичнинг “қилмишлари”

2004 йилда Украинада президентлик сайлови бўлиб ўтди. Президентликка асосан икки номзод даъвогарлик қилди. Биринчи номзод Россияга яқинлашиш тарафдори бўлган Виктор Янукович, иккинчиси эса асосан Европа Иттифоқи билан интеграцияни кучайтириш тарафдори бўлган Виктор Юшенко эди.

Сайловда Янукович ғалаба қозонди. Бироқ мухолифат етакчиси Виктор Юшенко сайлов натижаларини тан олмади. Оқибатда унинг тарафдорлари мамлакатда норозилик намойишларини бошлаб юборди.

Намойишлар ортидан Украина Олий суди сайлов натижаларини текширишни бошлади. Текширув натижасига кўра, овоз ҳисоблашда қонун бузилиши ҳолати аниқланди. Шундан сўнг, иккинчи тур натижалари бекор қилинди ва учинчи тур ўтказилди. Бу сафар Юшенко ғалаба қозонди ва мамлакат Президентига айланди. Шундай қилиб, Украинада Ғарб позицияси мустаҳкамланди. Айни шу воқеалардан сўнг, Украина Россия ўртасидаги муносабатлар ипи таранглашди.

2010 йилда ўтказилган кейинги президентлик сайловида Виктор Янукович ғалаба қозонди. Табиийки, Россия билан муносабатлар қайта тикланди. Қора денгиз флоти бўйича Харьков шартномаси имзоланиб, унга кўра, ижара муддатини яна йигирма беш йилга узайтириш тўғрисида келишувга эришилди.

2014 йил Украинанинг жануби-шарқида янги ҳокимият сиёсатига рози бўлмаган аҳоли Донецк, Луганск ва Харьков вилоятларидаги бир қанча маъмурий биноларни қўлга олди. Донецк вилояти давлат маъмурияти ва Украина хавфсизлик хизматининг Луганскдаги идораси бинолари тўсиб қўйилди.

Украинанинг шарқий вилоятлари – Днепропетровск, Донецк, Луганск, Харьков ва бошқаларда “Евромайдон” мухолифларининг оммавий митинглари ўша йилнинг март ойида бошланди.

Украинада авж олган тартибсизликлар ортидан, Россиянинг таъсири кучли бўлган мамлакатнинг жануби-шарқий ҳудудларида қуролли ҳаракатлар бошланиб кетди. Россия Донецк ва Луганскдаги рус айирмачиларидан фойдаланди. Улар Украинадаги янги ҳукуматни тан олмади. 2014 йил 7 апрель куни Донецк, 27 апрель куни Луганск мустақиллигини эълон қилди. 11 май куни тан олинмаган ҳар икки янги республикада референдум ўтказилди. Унда аҳолининг кўпчилик қисми Россияга қўшилишга овоз берди. Табиийки, бу қарор Украинага ёқмади ва Донецк ҳамда Луганскка ўз ҳарбийларини юборди. Оқибатда уруш бошланиб кетди. Россия сепаратистларга қурол-яроғ ва ҳарбий кучи билан ёрдам берди.

Янукович мамлакат шарқидаги урушни “Ҳақиқатга айланган даҳшатли туш”, деб атади. Собиқ президент сўзларига кўра, агар у президент бўлганида бундай фожиа содир бўлмаган бўлар эди. У Қримни Украинага қайтариш реал фикр эмас деб ҳисоблади.

“Қрим халқининг 90 фоизи Украинадан ажралиб чиқишга овоз берди. Бу митинглар, радикал миллатчилик ҳаракатлари оқибатида содир бўлди. Мен ҳеч қандай буйруқ бермаганман. Биринчидан, бу менинг ваколатим эмас. Иккинчидан, мен куч ишлатишга, хусусан, отишмага қарши эканлигимни очиқ айтдим”, дея қўшимча қилди собиқ раҳбар.

Ҳарбий иттифоққа тезда аъзо бўлиб киришнинг иложи бўлмагани сабабли Украина Европа Иттифоқи билан ассоциация шартномаси орқали иқтисодий интеграция йўналишини белгилаб олди. 2013 йилнинг ёзида, имзоланиши мумкин бўлган ассоциация шартномасидан бир неча ой олдин, Россия Украинага катта иқтисодий босим ўтказа бошлади, чегарада Украина экспортини деярли тўхтатишгача борди. Шу йилнинг кузида, 2010 йилда президент бўлган Янукович ҳукумати Россия Федерацияси босимини баҳона қилиб, Брюссель билан шартнома имзолашга тайёргарликни тўхтатганини эълон қилди.

Януковичнинг қарори Украинада норозиликларга сабаб бўлди ва у 2014 йил февралида Россияга қочиб кетди.

2014 йил июнь ойи бошида Францияда Иккинчи жаҳон уруши иттифоқчиларининг Нормандияда қўшин туширишининг 70 йиллигига бағишланган тадбирларда Украинанинг янги сайланган Президенти Пётр Порошенко Германия ва Франция етакчилари воситачилигида биринчи марта россиялик ҳамкасби Путин билан учрашди. Ёзда Украина армияси сепаратистларни Донбассдан сиқиб чиқара бошлади, бироқ август ойи охирида Россия, Киевга кўра, Донбассда ўз армиясини кенг миқёсда ишга солган. Москва эса буни рад этган. Украина қўшинлари можаронинг энг юқори нуқтасида – Иловайск яқинида мағлубиятга учради. Бутун фронт чизиғи бўйлаб уруш сентябрь ойида Минскда ўт очишни тўхтатиш битими имзоланиши билан якунланди, лекин у ҳам тез орада бузилди.

Минск келишувидан қандай мақсад кўзланган эди?

2014-2015 йилларда Минск келишуви қабул қилинди. Унда Донбассдаги вазиятни ҳал қилиш бўйича асосий чора-тадбирлар дастури белгиланди. Ушбу дастур уч томонлама алоқа гуруҳи – Украина, Россия ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакилларидан иборат бўлди. ЕХҲТ номидан битимни ташкилот раҳбарининг Украина бўйича махсус вакили Хайди Таглиавини, Украина томонидан мамлакатнинг иккинчи президенти Леонид Кучма, Россия томонидан элчи Михаил Зубаров имзолади. Ҳужжатларга Донецк рахбари Александр Захарченко ва Луганск рахбари Игор Плотницкий ҳам имзо қўйди.

2014 йилнинг 5 ва 19 сентябрь кунлари имзоланган протокол ва меморандумлар дастлабки ҳужжатлар бўлган. 2015 йил 12 февралда эса 2-Минск келишуви (“Минск 2”) имзоланди. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск қуролли кучлари ўртасидаги Украина армияси билан жанглардан сўнг бўлиб ўтди. Бу жанг Дебальцево вилоятининг милиция томонидан босиб олиниши билан якунланди. Бу воқеадан кейин Минскда Россия, Украина, Франция ва Германия раҳбарлари – Владимир Путин, Пётр Порошенко, Француа Олланд ва Ангела Меркель иштирокида учрашув бўлиб ўтди. “Минск 2” ҳужжати шу гуруҳ томонидан имзоланди ва тўртта давлат раҳбарлари уни ўз декларацияси билан қўллаб-қувватлади. 

Келишувга мувофиқ:

  • томонлар ўт очишни тўхтатишга ва ўз отрядларини тўқнашув чизиғидан олиб чиқишга ваъда беришлари керак;
  • буфер зонаси ҳудудида оғир қуролларнинг бўлиши қатъиян тақиқланган;
  • ЕХҲТ кузатувчилари ушбу қоидаларнининг бажарилишини назорат қилишлари;
  • “ҳаммаси ҳамма учун” тамойили бўйича маҳбусларни алмашишдан ташқари, тўқнашув иштирокчиларининг амниция қилиниши, иқтисодий алоқаларни тиклаш зарур эди.

Украина томони Донецк ва Луганск вилоятлари айрим туманларининг алоҳида мақоми тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ва уларнинг вакиллари позициясини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий сайловлар ўтказиши лозим эди. Сайловларнинг эртасига Украина давлат чегарасини тўлиқ назоратга олиши керак бўлган.

Яна бир шарт Украинада ислоҳотни амалга ошириш бўлиб, у мамлакат конституциясига “Донецк ва Луганск вилоятининг айрим ҳудудлари” хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда марказсизлаштириш концепциясини киритишни назарда тутган.

Етти йил давомида узоқ музокаралардан сўнг, томонлар мажбуран ушлаб турилган шахсларни алмашишгагина эришди. Келишувнинг бошқа бирорта пунктидаги шартлар бажарилмади.

2019 йилда алоқа гуруҳи аъзолари Штайнмаер формуласини қабул қилди. Унга кўра, махсус мақом тўғрисидаги қонун Донецк ва Луганскдаги маҳаллий сайловлардан кейин кучга кириши керак эди. Қонун орқали қуролли тузилмаларни яна аввалги позицияларга олиб чиқиш кўзланган. Ушбу қарорнинг қабул қилиниши Киевдаги мухолифатнинг норозилигига сабаб бўлди. Натижада партиялар сайлов ўтказиш тартибини келиша олмади.

Путиннинг “ҳақиқатлари”: Россия нега уруш бошлади?

Украинани алоҳида мустақил давлат сифатида тан ололмаган Россия Президенти Владимир Путин уруш аслида унинг хоҳиши билан эмас, аксинча бир қанча омиллар туфайли бошланганини рўкач қилиб келади.

2022 йилнинг февраль ойи Москвада Владимир Путин Германия канцлери Олаф Шольц билан ўтказган мулоқотида  қуйидагича нутқ сўзлади:

“Нима бўлди деб ўйлайсиз? Мен НАТОнинг Украина ҳисобига кенгайиши ҳақида гапирмаяпман, аслида бундай ҳаракат биз учун ҳам мутлақо нотўғри эди ва буни ҳамма биларди. Улар бизнинг манфаатларимизни менсимади”, деди Россия етакчиси. 

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, “махсус ҳарбий операция” деб аталмиш уруш бошланишининг иккинчи сабаби “Минск келишувларини бажармаслик” бўлган. 

“Ғарб кураторлари кўмагида Киев режими вакиллари Минск келишувидан ошкора воз кечди. Бу биз учун нимани англатади? Биз учун Донбасс билан нимадир қилишимиз кераклигини билдиради”, дея қўшимча қилди Путин.

У учинчи сабаб сифатида Донецк ва Луганск вилоятларининг вақтинча ишғол қилинган қисмларини Россия таркибига киритиш қарорини кўрсатди ва Украина Донбассни тинч қўймаслигини таъкидлади.

2021 йил ноябрь ойининг бошларида АҚШ ва НАТО вакиллари Россия қўшинларининг Украина билан чегараси яқинида ғайриоддий ҳаракатлар борлигини маълум қилди. Бироқ Россия ҳукумати ҳужум қилиш режаси ҳақидаги тахминларни рад этди. 2021 йилдан бошлаб Россия Украина билан чегараси яқинида Беларусь ҳудудидан ҳам катта бўлган ҳарбий майдон қурди. 2021 йил 27 декабрь куни Россия Либерал-демократик партияси асосчиси Владимир Жириновский Давлат Думасида нутқ сўзлаган ҳолда агар Украина яқин келажакда Минск келишувини амалга оширишни бошламаса, Россия шу йилнинг 22 февралида бошқа дастур қабул қилишини айтди. 2022 йил 21 февралда Россия Донецк Халқ Республикаси ва Луганск Халқ Республикасини мустақил давлатлар сифатида расман тан олди.

Шу воқеадан сўнг, 24 февраль куни эрта тонгда Россия давлати раҳбари Украинага қарши “махсус ҳарбий операция” бошланганини маълум қилди. У урушдан мақсад Украинани “демилитаризация қилиш” (ҳарбий ҳаракатлар олиб борилиши тақиқланган ҳудудга айлантириш) дея изоҳлади. Шундай қилиб, Россия Федерацияси қуролли кучлари нафақат Донбассга, балки Украина шаҳарлари ва унинг ҳарбий инфратузилмасига зарба беришни бошлади.

Умида Мухторбекова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг