Россия тожикистонлик мигрантларга қучоғини янада кенг очмоқда

Олам

image

Россия Ички ишлар вазирлиги Тожикистон ҳудудида ўзининг паспорт-виза хизмати ишини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг “Паспорт-виза хизмати” федерал унитар корхонаси директорининг биринчи ўринбосари Сергей Куликов Тожикистон Меҳнат, миграция ва бандлик вазири ўринбосари Шаҳноза Нодирий билан учрашувда маълум қилди. 

“Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Тожикистонда паспорт-виза хизмати филиалининг очилиши [мигрантлар] сафари бошланишидан олдин ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш бўйича ишларнинг қарийб 80 фоизини ташкил этиш имконини беради. Россия Федерацияси ҳудудига кириши билан Тожикистон фуқаролари – меҳнат муҳожирлари ишлаш учун рухсатномага эга бўлиб, дарҳол ишга кириша оладилар”, дея Куликов сўзларини келтиради "Ховар" ахборот агентлиги. 

Қайд этилишича, республика фуқаролари кетишдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш, таклиф этилаётган меҳнат шароитлари, меҳнат шартномаси, иш ҳақи билан танишиш ва воситачиларсиз қарор қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Учрашувда Куликов агар ҳужжатларни расмийлаштириш ва меҳнат фаолиятини соддалаштириш таклифи қўллаб-қувватланса, ишчи гуруҳ Тожикистонга жўнаб кетишга тайёрлигини айтди. 

Ички ишлар вазирлигининг Паспорт-виза хизмати миграция ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, бармоқ изларини олиш билан шуғулланади, кириш, бўлиш, рўйхатга олиш бўйича ахборот-маслаҳат хизматларини кўрсатади, иммиграция рўйхатига олиш ва ҳудудий органлар томонидан берилган меҳнат рухсатномаларини қабул қилади. Хизматнинг филиаллари Москва ва Санкт-Петербург билан бир қаторда Россия Федерациясининг 57 та субъектида мавжуд. МДҲнинг айрим давлатлари билан тузилган икки томонлама шартномалар доирасида хорижда ваколатхоналар очилди, уларда чет эл фуқароларига Россияда ишлаш учун рухсатномалар берилади.

Тожикистон Миграция хизмати маълумотларига кўра, 2021 йилда республикани меҳнат миграцияси учун 373 мингдан ортиқ фуқаро тарк этган бўлиб, улардан 2 мингга яқин киши Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Бандлик агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари орқали уюшган ёллаш йўли билан жўнатилган. Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг қарийб 95 фоизи Россияга ишлаш учун боради. 2021 йилда 147 мингдан ортиқ тожикистонлик меҳнат миграциясидан мамлакатга қайтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Тожикистон

Баҳолаганлар

421

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг