Россия тожик-афғон чегарасидаги ҳарбийларини кўпайтирди
Олам
−
02 Август 2021
5199Россия Федерацияси тожик-афғон чегарасида ўтказилаётган қўшма машғулотларда қатнашадиган ҳарбий хизматчилар сонини 1,8 минг кишига етказди. Шунингдек, қўшма машғулотлар учун жалб қилинган ҳарбий ва махсус техника сонини икки баробарга оширди. Бу ҳақда “Интерфакс” нашри хабар бермоқда.
Хабарга кўра, Марказий ҳарбий округ 5-10 август кунлари тожик-афғон чегарасида Ўзбекистон ва Тожикистон билан ўтказиладиган қўшма машғулотларда Россия ҳарбий контингенти таркибини кўпайтирган.
Маълум қилинишича, тегишли қарорни Марказий ҳарбий округ қўмондони Aлександр Лапин қабул қилган. Ҳаммаси бўлиб уч мамлакатдан 2,5 мингдан зиёд ҳарбий хизматчи ва 500 га яқин қурол ва ҳарбий техника жалб қилинган.
Александр Лапинга кўра, машғулотлар ўтказиладиган ҳудудга бостириб кирган ноқонуний қуролли тузилмалар отрядларини мағлуб этиш учун уч давлат ҳарбийлари жанговар ҳаракатларга тайёргарлик кўради.
Машғулотларда Россия контингентининг асосини 201-ҳарбий база ҳарбийлари (Марказий ҳарбий округнинг бир қисми) ташкил этади. Машғулотлар уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда ҳарбийлар уч мамлакат Қуролли Кучлари қўшинлари қўшма гуруҳининг террористик тузилмаларини йўқ қилиш бўйича биргаликдаги операциясига тайёргарлик кўришади. Иккинчисида, машғулот ўтказилаётган ҳудудга бостириб кирган шартли бузғунчи гуруҳларини йўқ қилиш вазифаларини бажаради ва сўнги учинчи босқичда давлат чегарасини кесиб ўтган радикал террорчи гуруҳларни йўқ қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 200 дан ортиқ аскари қўшма машғулотларда қатнашиш учун Тожикистонга боргани ҳақида хабар бергандик.
Шунингдек, жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида Россия Қуролли кучлари бўлинмалари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳарбийлари билан қўшма машғулотлар ўтказади.
Қайд этилишича, август ойидаги ҳарбий машғулотлар Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри полигонларида бошланган. Сентябрь ойидаги эса Қирғизистоннинг “Эдельвейс” ўқув маркази базасида бўлади.
LiveБарчаси