Россия ТИВ дрон ҳужумларига нисбатан энг қатъий чорани кўришга ваъда берди
Олам
−
30 Май 2023
10486Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москвада бугун бўлиб ўтган дрон ҳужумларига нисбатан энг қатъий чораларни кўришга ваъда берди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, Россия бугун Москвада уюштирилган дрон ҳужумларини қоралаб, уларга жавобан энг қатъий чораларни кўриш ҳуқуқини сақлаб қолади.
“Ушбу ҳужумлар “нео-нацист” Киев режими томонидан режалаштирилган ва амалга оширилган. Бунинг учун террористик ҳаракатлар усулларидан фойдаланиш даҳшатли амалиётга айланган. Унинг вакиллари узоқ вақтдан бери ва очиқчасига Москвага “қасос зарбалари” беришга чақирган. Бундай ҳужумлар, ҳарбий нуқтаи назардан ҳеч қандай маънога эга бўлмаган ҳолда тинч аҳоли орасида ваҳима қўзғаш мақсадида фақат тинч аҳолига қарши қаратилган. НАТО давлатлари расмийларининг Киев режими Россия ҳудудига чуқур зарба бермаслигига ишонтиришлари мутлақо иккиюзламачиликдир. Россия томони Киев режимининг террористик ҳужумларига жавобан энг қаттиқ чоралар кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 30 май куни Москвада дрон ҳужуми содир бўлди. Москва мэри Сергей Собянин ҳужум оқибатида бир нечта бинолар зарар кўрганини айтди. Кейинчалик Транспорт технологияларини ривожлантириш маркази раҳбари Алексей Рогозин Москвага ҳужум қилиш учун “ўрдак” (“утка”) аэродинамик тизимига эга самолёт типидаги учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланилгани ҳақида маълумот берди.
LiveБарчаси