Россия тарихий фалокатни режалаштиряпти – Зеленский

Олам

image

Россияликлар Каховска ГЭСи тўғони ва агрегатларини миналашганини ва сохта байроқ остида теракт уюштиришни режалаштирган. Украина Президенти Владимир Зеленский шундай фикр билдирди.

“Россия атайлаб Украина жанубида катта фалокатга замин яратмоқда. Биз россиялик террорчилар Каховка ГЭС тўғони ва агрегатларини миналашгани ҳақида маълумотларга эгамиз”, дейди Президент Зеленский Европа кенгашига мурожаатида.

Зеленский ўз мурожаатини қуйидаги сўзлар билан давом эттирди:

“Бу энг йирик энергетика иншоотларидан бири. Ушбу ГЭСнинг тўғони қарийб 18 миллион куб метр сувни ушлаб туради. Агар рус террорчилари ушбу тўғонни портлатиб юборсалар, 80 дан ортиқ аҳоли пунктлари, шу жумладан, Херсон ҳам тез сув тошқини зонасида қолади. Юз минглаб одамлар жабр кўриши мумкин.

Украина жанубининг муҳим қисмида сув таъминоти вайрон бўлиши мумкин. Россиянинг ушбу теракти Запорожье атом электр станциясини совутиш учун сувсиз қолдириши мумкин – ЗАЭС учун сув Каховска сув омборидан олинади. Ҳатто Қримни сув билан таъминлаш учун қурилган каналнинг ишлаши бутунлай вайрон бўлади. Бу Россиянинг бизнинг Украина Қримига нисбатан ҳақиқий муносабати.

Ва умуман олганда, Россиянинг ушбу бир терактининг ҳалокатли экологик, гуманитар, техноген оқибатлари шундай бўлиши мумкинки, уни тарихий фалокат деб номлашади”.

Зеленский Россия ушбу терактни амалга ошириш учун ҳамма нарсани тайёрлаб қўйганини қўшимча қилди.

“Россия бу фалокатни амалга ошириш имкониятига эга бўлмаслиги учун биз зудлик билан ҳаракат қилишимиз керак”, дейди у.

У Каховска ГЭСига халқаро кузатув миссиясини юбориш, у ерга украиналик ходимларни қайтариш, агрегатлар ва тўғонни зудлик билан ва профессионал тарзда миналардан тозалашни таъминлашга чақирди.

“Россия буни навбатдаги сохта байроқ операциясини уюштириш учун қиляпти – теракт содир этиш ва бунинг учун Украинани айблаш”, дейди Зеленский.

Аввалроқ Американинг Урушни ўрганиш институти ўз ҳисоботида Россия Херсондан чекинишга тайёрланаётганини, шунинг учун Каховска ГЭСни портлатиб, ўз йўқотишларини хаспўшлаш ниятида эканини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

307

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг